Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳисобот: Россия Украина ҳаво мудофаасини тобора кўпроқ четлаб ўтмоқда
Monitor Luftkrieg Ukraine ҳисоботида Россия Украина ҳаво мудофаасини юқори шиддатли таркибий (комбинациялашган) ҳужумлар орқали заифлаштиришга уринаётгани ва тобора кўпроқ кичик энергия объектларини нишонга олаётгани қайд этилган.
Фото: ROMAN PILIPEY/AFP/SCANPIX
Мутaxассислар баҳосича, Украина ҳаво мудофаасига доир вазият октябр ойида сезиларли даражада ёмонлашди. «Россия Украина ҳаво мудофаасини четлаб ўтиши ва критик инфратузилмага зарар етказишга муваффақ бўлаётгани ҳолатлари кўпаймоқда», — дейилади 10 ноябр куни эълон қилинган ойлик Monitor Luftkrieg Ukraine ҳисоботида.
Europäischer Austausch нотижорат ташкилоти ва Конрад Аденауэр жамғармаси чоп этган ҳисоботга кўра, октябр ойида Россия қўшинлари Украина шаҳарлари ва фуқаролик объектларига 5298 та учувчисиз учиш аппарати ёрдамида ҳужум қилган, бу кунига ўртача 170 тадан дрон демакдир. Бу ўтган ойга нисбатан 6 фоиз кам. Энг юқори кўрсаткич июл ойида қайд этилган — деярли 6300 та дрон. Августдан бери дронлар қўлланиши бироз қисқарган, бунга РФ ўз ишлаб чиқариш мақсадларига ета олмаётгани сабаб қилиб кўрсатилади.
Шу билан бирга, нашр таъкидлашича, Россия дронлар ва ракеталарни қўшиб, юқори шиддатли таркибий зарбалар орқали Украина ҲҲМни босим остида қолдиришга ҳаракат қилмоқда ва қиш фасли олдидан минтақавий миқёсдаги кичик энергия объектларини ҳам кўпроқ нишонга олмоқда.
Monitor Luftkrieg Ukraine маълумотларига кўра, йил давомида Россия ракеталари ва дронларини йўқ қилиш кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайди. Октябр ойида Украина ҲҲМ феврал ойидаги деярли 100 тадан фарқли равишда 1077 та дронни йўқ қила олмади. Дронларни йўқ қилиш улуши 80 фоизгача тушиб кетди — бу 2024 йил бошидан бери энг ёмон кўрсаткич бўлиб, ўшанда Украина ҳаво мудофааси таъминотда жиддий муаммоларни бошдан кечирган эди.
Бундан ташқари, экспертлар ёзишича, Россия дронларга нисбатан анча катта ҳалокат кучига эга бўлган ракеталардан ҳам тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Октябрда 162 та қанотли ракетага қўшимча равишда 108 та баллистик ракета қўллангани қайд этилди — бу ўтган ойга нисбатан уч баробардан кўп.
Ҳисоботга кўра, ўтган ойда «Искандер-М» ва «Кинжал» туридаги баллистик ракеталарни йўқ қилиш коэффициенти тахминан 15 фоизни ташкил этган. Ёз фаслида бу кўрсаткич 40–50 фоизгача етган эди. Умуман олганда, октябр ойида 1213 та ракета йўқ қилинмай қолган, феврал ойида эса бу кўрсаткич атиги 145 та эди.
Мавзуга оид
22:02 / 05.12.2025
Қрим бир ойда «қулаганди», кичик Покровск ҳамон «оёқда»: 11 йилда нима ўзгарди?
19:09 / 05.12.2025
Москва мэри мигрантлардан норози бўлганларга қўлга супурги олишни маслаҳат берди
18:02 / 05.12.2025
Ўзбекистон 2024 йилда Россиядан 39 млн доллар қарз олди
14:47 / 05.12.2025