Технология | 09:00 / 11.11.2025
1573
2 дақиқада ўқилади

NVIDIA билан ҳамкорликда ОТМ ва саноат учун AI инфратузилмаси йўлга қўйилади

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШда NVIDIA раҳбарияти билан учрашиб, Ўзбекистонда сунъий интеллект (SI) экотизими ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича келишувларни муҳокама қилди. Режага кўра, ОТМ учун NVIDIA асосидаги ҳисоблаш қувватлари, 1 МВтгача қувватли икки AI-кластер ва саноат ҳамда давлат сектори учун қўшимча инфратузилмалар йўлга қўйилади.

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

АҚШда ўтган учрашув давомида Ўзбекистон ва NVIDIA ўртасида СИ соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик пойдевори муҳокама қилинди. Томонлар қатор йўналишлар бўйича иш олиб боришни режалаштирмоқда.

NVIDIA СИни бошқариш, экотизимни ривожлантириш ҳамда илғор халқаро амалиётларни (очиқ ва махфий бўлмаган маълумотлар доирасида) бўлишади. 

Замонавий NVIDIA технологиялари асосида «AI Excellence» марказини ташкил этиш имкониятлари ўрганилмоқда. Марказ профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш дастурларини ўз ичига олади (шу жумладан NVIDIA Deep Learning Institute материаллари асосида).

2026 йилгача умумий ҳисобда 1 МВтгача ҳисоблаш қувватига эга иккита AI-кластер учун техник асос ишлаб чиқилади: бири таълим ва илмий изланишларга, иккинчиси рақамли ҳукумат, тиббиёт ва саноатдаги СИ лойиҳаларига йўналтирилади. Амалга ошириш алоҳида келишувлар ва мавжуд инфратузилма имкониятларига боғлиқ бўлади.

Шу билан бирга, қатор миллий ташаббуслар эълон қилинди, улар зарур келишув ва тасдиқлар асосида NVIDIA билан ҳамкорликни қамраб олиши мумкин.

Етакчи олийгоҳларни NVIDIA суперкомпютер инфратузилмаси билан таъминлаш ташаббуси кўриб чиқилмоқда, молиялаштириш ажратилган, харид 2025 йил IV чоракка мўлжалланган.

Олийгоҳлар ўқув режаларига СИ йўналишлари босқичма-босқич киритилади, устозлар тайёргарлиги NVIDIA DLI курслари асосида йўлга қўйилади.

2026 йилда саноат корхоналари, банклар ва давлат ташкилотларига қўшимча NVIDIA AI инфратузилмаси жорий этиш имкониятлари ўрганилади (тахминан 1 МВт қувват, экспорт назорати талабларига мувофиқ).

Рақамли эгизаклар, робототехника ва саноат AI ечимларини синаш ва жорий этиш учун тахминан 3 млн АҚШ доллари сaрмоя кўзда тутилган, лойиҳа 2026 йилда старт олиши кутилмоқда.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистоннинг рақамли трансформация ва барқарор технологик ривожланиш бўйича устувор йўналишларини глобал тажриба ва платформалар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид