Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда чиқинди ташувчи техникалар ҳаракатини GPS орқали кузатиш яратилди
Бунинг учун Tozapoytaxt.uz ахборот тизими ишга туширилди. Ҳозирча тизим Тошкент шаҳри бўйича фақат туманлар кесимидаги техникаларнинг ҳаракатда ёки гаражда эканига оид маълумотни кўрсатмоқда. 2026 йил 1 январидан ҳар бир чиқинди ташувчи техниканинг келиш вақти ва йўналиши маҳаллалар кесимида ҳам эълон қилиниши кутиляпти.
Фото: Kun.uz
Пойтахт ҳокимлигининг хабар беришича, чиқинди ташувчи техникалар ҳаракатини GPS тизими орқали реал вақт режимида кузатиш учун Tozapoytaxt.uz ахборот тизими ишга туширилди.
Тизим фаолияти чиқиндилар соҳасидаги шикоят ва мурожаатларини қабул қилиш xalqnazorati.uz платформаси орқали марказлашган тарзда олиб борилмоқда.
Ҳавола орқали кирилса, пойтахт туманлари кесимида қанча чиқинди ташувчи техника мавжудлиги, улар йўлда ёки гаражда экани кўринади. Қанча вақтда, қачон қаерга етгани кўринмайди.
Маълумотга кўра, 2026 йил 1 январдан маҳаллалар кесимида ҳам чиқинди ташувчи техниканинг келиш вақти ҳамда йўналишини онлайн кузатиш мумкин бўлади.
Хабарда айтилишича, келгусида:
- маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан таъминлаш бўйича икки йиллик дастур эълон қилинади;
- кунлик чиқинди ҳажми онлайн тарзда очиқ эълон қилиб борилади;
- фуқаролар томонидан хизматларни баҳолаш механизми йўлга қўйилади;
- ташкилотлар билан тузилган шартномалар ижроси онлайн мониторинг орқали назорат қилинади.
Маълумот учун, Тошкентда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жараёни рақамлаштирилиши анча аввалроқ бошланганди. Ҳокимият “Тоза пойтахт” дастурий таъминотини ишга туширишини августда маълум қилган эди.
Тизим дастлаб тест режимида Олмазор туманида ишлаши, 1 сентябргача пойтахтнинг барча туманларига босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилганди.
Эслатиб ўтамиз, келаси йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилади. Унга кўра, энди санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақат кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади.
Шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловлардан тушган маблағлар бевосита Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисобрақамига йўналтирилади.
Мавзуга оид
19:39 / 01.09.2025
Россия Еврокомиссия раҳбари самолётининг GPS сигналини ўчириб қўйганликда айбланди
17:51 / 15.01.2025
Финландия аэропортлари GPS фаолиятидаги узилишлар туфайли муқобил тизимдан фойдаланишга ўтмоқда
22:21 / 17.12.2024
SpaceX ракетаси янги авлод GPS сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқди
10:30 / 05.10.2024