Мазкур суд жараёни 5 йилдан буён давом этяпти. Унда Ernst & Young'нинг Швейцариядаги бўлими Гулнора Каримовага алоқадорлиги гумон қилинадиган Zeromax'нинг шубҳали транзакцияларига кўз юмиш ва компания молиявий ҳисоботларига ижобий хулоса бериш орқали кредиторларнинг зарар кўришига сабабчи бўлишда айбланмоқда.
2025 йил июл ойига келиб, Zeromax кредиторлари муҳим оралиқ ютуққа эришди. Швейцария Федерал Олий судининг ажрими билан, жавобгар томонга аудит жараёнларига оид кенг кўламли ҳужжатларни даъвогарлар ихтиёрига тақдим этиш мажбурияти юклатилди.
Молиявий янгиликларни ёритувчи Tippinpoint нашри бу қарорни «Ўзбек “маликаси” Гулнора Каримова атрофидаги молиявий триллернинг янги саҳифаси» деб атади.
Zeromax – 1999 йилда АҚШнинг Делавэр штатида таъсис этилиб, 2005 йилда Швейцариянинг Цуг кантони юрисдикциясига кўчиб ўтган ва 2010 йили кутилмаганда банкротлик эълон қилган конгломерат. Бир муддат Ўзбекистондаги энг йирик бизнес империя бўлган Zeromax мамлакатда “хорижий инвестор” сифатида тўқимачиликдан тортиб энергетикагача бўлган ўндан ортиқ тармоқларда активларга эгалик қилган. Муайян даврда Ўзбекистон ЯИМнинг 10 фоизгача бўлган қисми биргина шу компания тизимига тўғри келгани айтилади.
Бизнес империя 2010 йилда, Ўзбекистон олий ҳокимияти ичкарисида юз берган ўзгаришлар ортидан инқирозга учраган ва Ўзбекистондаги мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинган. Компания 2010 йил 12 август куни Цуг кантони судига топширган банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасида жорий активларини қарийб 2,56 млрд доллар, мажбуриятларини эса 4,12 млрд доллар деб кўрсатган. Аммо кейинроқ банкротлик идораси ўтказган ўрганишларда компаниянинг атиги 6,66 млн франклик активлари аниқланган. Жами 191 та кредиторнинг даъволари умумий ҳажми эса 5,6 млрд франкни ташкил этган. 5,6 млрд франк миқдоридаги қарз билан таназзулга учраш – Швейцария тарихидаги иккинчи энг йирик банкротлик ҳолати демакдир.







