Яқинда Вашингтонда ўтган “С5+1” саммитида Қозоғистоннинг “Иброҳим келишувлари”га қўшилиши ҳақида эълон қилинди. Бу қарор минтақа геосиёсий мувозанатига таъсир қиладими? Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида келишувнинг моҳияти, АҚШнинг мақсадлари ва Қозоғистоннинг бу лойиҳадаги ўрнини таҳлил этади.
Яқинда Вашингтонда Марказий Осиё беш давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти Трамп иштирокидаги “С5+1” саммити бўлиб ўтди. Бу саммитда айтилган энг муҳим янгиликлардан бири, бу “Иброҳим келишувларига” Қозоғистоннинг қўшилиши бўлди. Хўш, “Иброҳим келишувлари” нима, унинг асосий мақсади ва вазифалари нималардан иборат ва бу келишувга қўшни Қозоғистоннинг қўшилиши – нимани ўзгартиради ёки англатади?
1948 йилда Исроил давлати ташкил топгач, бу янги давлат борган сари Фаластин ерларини босиб олиш ҳисобига кенгайди. Исроил ташкил топиши жараёнида араб давлатлари, қолаверса, кўплаб мусулмон давлатлари бу янги давлатни биргалашиб тан олиш-олмаслик борасида келишувга эришишди. Бу келишувни “Тан олмаслик борасидаги пакт” деб номлашди. Мақсад – Исроил ташкил топганда, Фаластин ҳам ташкил топишига эришиш, давлат сифатида эътироф этилишини, фаластинликларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эди. Бироқ йиллар давомида Исроил кенгаяверди, Фаластин ҳудудлари тортиб олинаверди, фаластинликлар эса дарбадар бўлиб қолаверди.
Шу сабаб араб давлатлари 1979 йилга қадар Исроилни тан олмади, у билан тинчлик келишувларига бормади. Бу ҳолатни биринчи бўлиб Миср Араб Республикаси 1979 йилда бузди ва Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, босиб олинган Синай яриморолини қайтариб олди. Яна ўн беш йил танаффус бўлди ва 1994 йилга келиб Исроил билан Иордания дипломатик алоқалар ўрнатди. Бунда АҚШ Президенти Клинтоннинг воситачилиги муҳим эди. Шу билан, кейинги ўттиз йилда бирон бир давлат Исроилни расман тан олмади, дипломатик алоқалар ўрнатмади. Токи АҚШ ҳокимиятига 2017 йилда Трамп келмагунича.
Трамп ўзининг биринчи тўрт йиллик ваколати вақтида Яқин Шарқ бўйича энг катта лойиҳа сифатида “Иброҳим келишувлари”ни ўртага ташлади. Трамп лойиҳасига кўра, минтақанинг барча давлатлари Исроилни тан олиши, у билан дипломатик ва савдо иқтисодий алоқаларни ўрнатиши ҳамда кучайтириши керак эди. Иброҳим келишувлари лойиҳасига кўра, Яқин Шарқ – АҚШнинг таъсири ва назорати остида бўлган ва марказида Исроил манфаатлари турадиган макро минтақа бўлиши керак эди. Иброҳим келишувларига кўра, Трамп барча минтақа давлатларини ўзаро яраштириб, бу минтақадан Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва уларнинг яқин иттифоқчиларини “ўйиндан” чиқаришни ният қилган эди. Шу сабаб Трамп минтақа давлатларига жиддий босим қилди ва бу босимлар ўз мевасини берди ҳам.







