Жаҳон | 13:59 / 14.11.2025
2108
3 дақиқада ўқилади

BBC Трампдан узр сўради, аммо компенсация тўлашни рад этди

BBC Британия оммавий ахборот корпорацияси Трамп нутқининг парчалари можаро келтириб чиқарган ҳужжатли филмда қай тарзда монтаж қилинганидан афсусдалигини, бироқ «туҳмат бўйича даъво аризаси учун асослар мавжуд эмаслигига қатъий ишонч» билдирди.

Фото: Reuters

BBC Британия медиакорпорацияси Panorama дастурида Трамп нутқи таҳрир қилинган ҳужжатли филм ортидан келиб чиққан можаро учун АҚШ президенти Доналд Трампдан узр сўради, аммо Трамп талаб қилган компенсацияни тўлашни рад этди. «BBC видеоролик қандай монтаж қилинганидан чин дилдан афсусда, бироқ туҳмат бўйича даъво аризаси учун асослар йўқлигига қатъий ишонади», — дея маълум қилди корпорация 13 ноябр кунги баёнотда.

BBC Кенгаши раиси Самир Шах Оқ уйга йўллаган шахсий хатида, ўзи ва корпорация Трампнинг Капитолийга ҳужум куни айтган нутқи қандай тарзда монтаж қилинганидан афсусда эканини аниқ баён этгани қайд этилади. Можароли дастур қайта эфирга узатилмайди ва BBC платформаларида жойлаштирилмайди.

«Трамп: иккинчи шанс?» номли ҳужжатли филм BBC эфирига 2024 йилдаги АҚШ президентлик сайловлари арафасида чиққан бўлиб, унда 2021 йил 6 январ куни айтилган Трамп нутқининг уч қисми бирлаштириб монтаж қилинган. Бундай монтаж 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларини тасдиқлаш куни Трамп тарафдорлари Капитолийга ҳужум қилган пайтда у зўравонликка чақирган, деган таассурот уйғотган.

Оқ уй BBC’ни «фейк янгиликлар» тарқатишда айблади, Трампнинг адвокатлари эса корпорация филмда айтилганларни рад этмаса, узр сўрамаса ва компенсация тўламаса, BBC’га нисбатан 1 млрд доллар миқдорида даъво қўзғатиш билан таҳдид қилди. Можаро фонида BBC бош директори Тим Дэйви ва BBC News янгиликлар бўлими раҳбари Дебора Тернесс истеъфо берди.

«Барча давлат ташкилотлари каби BBC ҳам мукаммал эмас, биз доим очиқ, шаффоф ва ҳисобдор бўлишимиз керак. Гарчи бу ягона сабаб бўлмаса-да, BBC News атрофидаги ҳозирги баҳслар, табиийки, менинг қароримга таъсир қилди», — деб ёзади Дэйви компания сайтида эълон қилинган мактубида. У «айрим хатолар»га йўл қўйилганини тан олди ва якуний масъулиятни ўз зиммасига олди.

Дебора Тернесс эса алоҳида баёнотида содир бўлган воқеалар учун масъулиятни ўз зиммасига олганини маълум қилди. Шу билан бирга, у BBC News тарафини олган ҳолда иш тутгани тўғрисидаги айбловларни рад этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид