Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фронтдаги вазият: Россия қўшинлари Покровскдан ташқари яна қаерларда олдинга силжимоқда
Покровск-Мирноград ҳудудида вазият мураккаблигича қолмоқда. Украина қўшинлари қуршов хавфини йўққа чиқариш учун ҳаракат қилмоқда, Россия қўшинлари эса ҳужумни давом эттирмоқда.
Фото: EPA
Украина қуролли кучлари Покровск шимолидаги Родинское қишлоғини қайтариб олишга муваффақ бўлди, бу эса бу ҳудудда ҳимояланаётган гуруҳнинг вазиятини бироз яхшилади, энди Россиянинг жанубдан навбатдаги эҳтимолий ҳужумининг олдини олиш учун Покровск ва унинг ғарбий чеккаларида қарши ҳужумга ўтишган.
Россия қўшинлари Покровскнинг жанубий ва шарқий қисмларида ҳужумни давом эттирмоқда ва украинларнинг қуруқликдаги таъминот йўлларини ўққа тутмоқда.
10 ва 11 ноябр кунлари эълон қилинган геолокацияланган кадрлар Россия қўшинлари Покровск жануби-шарқида ва Мирноград жануби-шарқида бироз олдинга силжиганини кўрсатмоқда.
Россия қўшинлари катта эҳтимол билан Покровск ва Мирноградни эгаллайди, аммо Россия ҳарбий қўмондонлиги фронтнинг бошқа участкаларидан бу йўналишга кўпроқ ресурсларни йўналтирмагани туфайли кўпроқ вақт талаб қилди ва кўпроқ йўқотишларга олиб келди, деб ҳисоблайди Америка урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари.
Аммо Россия қўмондонлиги бир вақтнинг ўзида бутун ҳарбий ҳаракатлар майдони бўйлаб бир нечта ҳужум операцияларини ўтказишга қарор қилди.
Фронтнинг бошқа участкаларида нималар бўляпти?

Харитадан кўриш мумкинки, ҳозирда энг фаол ҳарбий ҳаракатлар Харкив областининг шимолидаги Вовчанск ҳудудида ва Великий Бурлук йўналишида; Харкив области шарқидаги Купянск ҳудудида; Донецк областида «қалъалар камари»нинг шимоли-шарқида Шимолий йўналишда; Донецк, Днипропетровск ва Запорижжя областлари туташган жой яқинида Великий Михайловск йўналишида, шунингдек, Запорижжя областининг шарқида Гуляйполе йўналишида давом этмоқда.
Икки томондаги манбалар Россия қўшинлари қатор участкаларда туманли об-ҳавода украин дронлари ожиз қолганидан фойдаланиб, яширинча олдинга силжишга эришганини хабар қилмоқда.
«Нисбатан қулай позицияларга ўтиш»

Украина қуролли кучлари учун анча хавотирли вазият Запорижжя области шарқида юзага келмоқда, у ерда Россиянинг «Восток» қўшинлари гуруҳи Янчур дарёсини тезда кечиб ўтишга муваффақ бўлган ва Гуляйполе шаҳрига ҳужум қилмоқда.
11 ноябр куни кечқурун Россия армияси Гуляйполедан етти километр шимоли-шарқда жойлашган муҳим стратегик аҳамиятга эга Ровнопиле қишлоғини эгаллади. Украина жанубидаги мудофаа кучлари хабарида Ровнопиледан чекиниш шахсий таркибни асраш мақсадида «нисбатан қулай марраларга ўтиш» деб изоҳланган.
Қўшни Сладкое қишлоғи ҳам рус қўшинлари томонидан тўлиқ ёки қисман назорат остига олинган. Бундан ташқари, рус қўшинлари шимолроқда, Покровское ва Терноватое қишлоқлари йўналишида ҳам зарбалар бермоқда.
Гуляйполе – нисбатан кичик шаҳар бўлиб, Украина инқилобий исёнчи армияси қўмондони Нестор Махнонинг ватани сифатида ҳам танилган. Урушдан олдин Гуляйполеда 16 мингга яқин одам яшаган, ҳозирда у ердан қолган аҳоли эвакуация қилингани айтилмоқда.
Украина қуролли кучларининг шаҳар шимолидаги позицияларини бой бериши Россия қўшинларининг оператив кенгликка чиқиши ва Р-85 йўли тўсиб қўйилиши таҳдидини юзага келтиради, натижада Гуляйполе Покровск билан бир хил вазиятга тушиб қолиши мумкин.
«Йўл кесиб қўйилиши душманнинг логистика имкониятларини мураккаблаштиради ва уни шаҳарга янги таъминот йўналишларини очишга мажбур қилади. Россия қўшинлари эса Запорижжя области ичкарисига киришни осонлаштиради», – деб ёзади Россиянинг Rybar телеграм-канали.
Шаҳар Украина қуролли кучлари мудофааси учун ҳам жуда муҳим.
«Гуляйполедан кейин навбат Орихивга келади, – деб ёзади украиналик ҳарбий шарҳловчи Богдан Мирошников. – Кейин эса Россия қуролли кучларини Запорижжянинг жанубий чеккаларига яқинлашишдан тўхтатиш учун фақат Камишеваха ва Степногорск қолади. Бу Покровское қишлоғига ҳам таъсир қилади. Агар душман уни ҳам қўлга олса, Волнянсккача бир қадам қолади. Бу эса душманнинг оператив-тактик муваффақиятлари ва ҳақиқий фалокат бўлади», – деб ҳисоблайди у.
Украинанинг яна бир манбаси DeepState таҳлилий порталига кўра, ҳозирда россияликларда тўғридан тўғри Гуляйполега ҳужум қилиш учун етарли ресурслар йўқ, аммо улар шаҳарни шимолдан ўраб олишни давом эттириши, уни ўққа тутишни кучайтириши ва логистикани қийинлаштириши мумкин.
«Шу билан бирга, Жануб мудофаа кучларининг ноқулай позициялардан узоқлашиш бўйича қабул қилган қарорларига эътибор қаратмоқчимиз. Жамият анчадан бери қўмондонликдан энг қимматли нарса – шахсий таркибни сақлаб қолиш учун реалистик ечимларни талаб қилиб келган», – деб ёзади украиналик таҳлилчилар.
Украина шимолидаги вазият
Суми йўналишида позицион жанглар давом этмоқда. Россиянинг Кондратовка қишлоғи яқинидаги ҳужумлари ва Украинанинг Ворачино қишлоғи яқинидаги қарши ҳужумлари ҳақида хабар берилган.
Россия армияси сўнгги кунларда Харкив области шимолида фаоллашди, улар Вовчанск шаҳри чеккаларида олдинга силжишга муваффақ бўлган ва тасдиқланмаган маълумотларга кўра, шаҳар жанубидаги Синелников қишлоғини эгаллаган. Украина артиллерия батареяси қўмондонининг сўзларига кўра, Россия қўшинлари кичик гуруҳлар билан «сизиб ўтиш» тактикасини қўллашда давом этмоқда. Россия ҳужумлари бироз шарқда, Вовчанская Хутор қишлоғи йўналишида ҳам давом этмоқда.
Россиядаги ҳарбий манбалар Вовчанск ҳудудида ҳаракат қилаётган Россия бўлинмалари ротация қилингани, бу Украина 25 октябр куни Белгород сув омбори тўғонига зарба берганидан кўп ўтмай амалга оширилганини хабар қилган.
Яна бир участкада, Вовчанскдан 40 км жануби-шарқда Россия қўшини Великие Бурлуки қишлоғ яқинида давлат чегарасини кесиб ўтиб, Отрадное ва Бологовка қишлоқлари оралиғидаги беш километрлик ҳудудни эгаллаган. ISW баҳоларига кўра, бу воқеа ҳудудни ёки ҳарбий ҳаракатлар зонасининг олдинги қисмини назорат қилишга таъсир қилмади.
Қарши ҳужумлар
Купянск шаҳри чегарасида ва шаҳар атрофида ҳам шиддатли жанглар давом этмоқда. Томонлардан бирининг муваффақияти ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Украина қуролли кучлари Бирлашган оператив гуруҳи вакили полковник Виктор Трегубов 11 ноябр куни Россия қўшинлари Купянскнинг шимолий чеккаларида ўз позицияларини сақлаб қолишга уринаётганини айтди ва икки томоннинг ҳам бу ҳудуддаги логистикаси оғир аҳволда эканини таъкидлади.

Россия армияси Купянскдан жанубдаги фронтнинг бошқа баъзи участкаларида – Боровой, Лиман, Северск, Константиновка ва Дружковка йўналишларида ҳам ҳужумларни давом эттирмоқда.
«Россия қўшинлари Северскнинг жанубий чеккасида янги позицияларни эгаллаб, Звановкадаги назорат зонасини кенгайтирмоқда», – дейди россиялик Z-ҳарбий Семён Пегов.
Урушни ўрганиш институти эса Россия қўшинлари Северск ҳудудида муваффақиятга эришганини тасдиқламаган. Аксинча, 11 ноябрдаги кадрлар Украина қўшинлари шу кунларда шаҳар шарқида олдинга силжиганини кўрсатган.
Шу билан бирга, ISW маълумотларига кўра, Россия қўшинлари Константиновкадан жануби-шарқда Иванополнинг шарқий чеккасида бироз олдинга силжиган.
Покровск ва Купянск ўртасидаги фронт участкаларида томонлардан бирортасининг сезиларли муваффақиятлари тўғрисида бошқа тасдиқланган маълумотлар йўқ.
Картинка муҳим
Украина билан урушнинг катта қисми давомида Россия қўшинлари бир вақтнинг ўзида турли йўналишларда ҳужум операцияларини амалга оширишда катта қийинчиликка учрамоқда.
Аммо ISW’нинг фикрича, Россия қўмондонлиги Покровскка ҳужумда вақт ва инсон ресурсларини йўқотишга тайёр: улар фронтнинг бошқа ҳар қандай қисмидаги фаолликнинг пасайиши Украина қўшинларига у ерда муваффақиятга эришиш ёки кучларни бошқа, муҳимроқ жойларга кўчириш имкониятини беришидан хавотирда.
Бундан ташқари, Россия генералитети нафақат Покровск йўналишида, балки бутун ҳарбий ҳаракатлар театри бўйлаб Россия қўшинларининг сезиларли даражада олдинга силжиши манзарасини сақлаб қолиши керак.
Покровск мудофаасини тезда яксон қилиш учун фронтнинг бошқа участкаларидан куч ва воситаларни олиб келиш эса Россиянинг бу позициясига путур етказиши мумкин, деб ёзади ISW.
Мавзуга оид
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
09:21
ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр
23:21 / 04.12.2025
Украина аҳолиси 42 миллиондан 36 миллионгача камайди – ОАВ
23:00 / 04.12.2025