Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил кўчманчилари Ғарбий соҳилдаги масжидни ёқиб юборди
Фаластинлик расмийларнинг айтишича, 13 ноябр куни исроиллик радикал кўчманчилар босиб олинган Ғарбий соҳилда масжидни ёқиб юборган. Бу кучайиб бораётган тартибсизлик Ғарбий соҳилдаги ўн минглаб фаластинликларни кўчишга мажбур қилди.
Ҳужум вақтида масжид бўш бўлган ва ҳеч ким жароҳат олмади. Лекин масжид ичидаги китоблар ва гиламларнинг бир қисми ёнган. «Бу экстремистик гуруҳлар ҳаётимизни вайрон қилмоқда», деди ҳужумга учраган масжид имоми Аҳмад Салем.
Исроил армияси бош штаби раҳбари генерал-лейтенант Эйол Замир бу ҳафта фаластинликларга қарши кўчманчилар зўравонлигини камдан кам учрайдиган тарзда қоралади. Исроил ҳарбий баёноти ўша ҳудуддаги масжидга қилинган ўт қўйиш ҳужумини тасдиқлади, бироқ уни ким содир этганини айтмади. Ҳарбийлар ҳар қандай зўравонликни қоралади ва «ҳудудда хавфсизлик ва тартибни таъминлашни давом эттиришини» билдирди.
Трамп маъмурияти ҳам ҳужумлардан хавотир билдирди. «Ғарбий соҳилдаги воқеалар тарқалиб, Ғазода қилаётган ишларимизни издан чиқариши мумкинлигидан бироз хавотир бор», деди АҚШ Давлат котиби Марко Рубио.
БМТнинг Қуддусдаги гуманитар масалалар бўйича идораси Ғарбий соҳилда «фаластинликларга қарши кўчманчилар зўравонлиги кескин ошгани» ҳақида огоҳлантирди.
Фаластинлик ва исроиллик ҳуқуқ фаоллари — Исроил ҳукумати кўчманчилар ҳужумларига одатда кўз юмиб келишини айтади. Хусусан, сешанба куни Ғарбий Соҳилдаги Наблус шаҳри яқинида ўнлаб ниқобли кўчманчилар фаластинликларга ҳужум қилиб, автомобилларга ўт қўйиб юборган эди. Ундан олдинроқ эса, кўчманчилар зайтун тераётган деҳқонлар ва уларнинг олдида бўлган халқаро журналистлар ҳужум қилишган.
Германия армиясини кўпайтирмоқчи
Германиянинг коалицион ҳукумати бир неча ойлик сиёсий тортишувлардан сўнг қўшинлар сонини ошириш учун янги ҳарбий хизмат режасига келишди. Қонунчилар ушбу режани 2025 йил охирига қадар овозга қўйишлари кутилмоқда.
Янги ҳарбий хизмат режаси барча 18 ёшли эркакларни хизматга яроқлилик бўйича анкетани тўлдиришга ва 2027 йилдан бошлаб тиббий кўрикдан ўтишга мажбур қилади. BBCʼнинг ёзишича, бу қарор Берлин Европанинг энг кучли анъанавий армиясини яратишга интилаётган бир пайтда қабул қилинди.






