
1990-йилларда Югославия парчалангач, Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево шаҳри серб кучлари томонидан ўраб олиниб, 1992-1996 йиллар давомида қамал қилинди. Турли маълумотларга кўра, доимий ўқ ёмғири остидаги қамал даврида 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
The Guardian нашри ёзишича, Миландаги жамоат прокуратураси айни ушбу уруш пайтида италиялик бойлар «снайпер туризми»га боргани ҳақидаги даъволар юзасидан тергов иши очди.
Шикоят журналист ва ёзувчи Эзио Гаваззени томонидан берилган. У Сараевони ўраб турган серб позицияларидан туриб «ожиз фуқароларни ўлдириш учун пул тўлаган жуда бой одамлар» томонидан амалга оширилган «инсон ови»ни тасвирлаб ёзган.

BBC нашрига кўра, йиллар давомида чет элдан келган «инсон овчилари» ҳақидаги шунга ўхшаш даъволар бир неча бор билдирилган. Бироқ энди Гаваззени томонидан тўпланган далиллар, жумладан босниялик ҳарбий разведка зобитининг гувоҳлиги, Италия аксилтеррор прокурори Алессандро Гоббис томонидан кўриб чиқилмоқда.
Маълум бўлишича, бундай ваҳшийлик ҳақида уруш пайтидаёқ босниялик зобитлар хабардор бўлишган. Улар 1994 йилда бундай «сафарилар» ҳақидаги маълумотларни Италиянинг ҳарбий разведкаси - SISMI’га етказган. Бир неча ой ўтгач разведкачилар «сафари» сайёҳлари Италия шимолий чегарасидаги Триесте шаҳридан учиб келиб, кейин Сараево устидаги тепаликларга боришганини аниқлаган. Разведкачилар шундан кейин «бунга чек қўйилгани»ни айтган. Икки-уч ой ичида бундай сафарлар тўхтаган.











