Ўзбекистон | 10:28 / 17.11.2025
8198
2 дақиқада ўқилади

Мутахассислар Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашгани юзасидан аҳолини огоҳлантирди

2025 йил 16 ноябр куни соат 20:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳридaги атмосфера ҳавосида PM10 ва PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори санитар меъёрлардан бир неча баробар ошиб кетди. Мутахассислар аҳолини очиқ ҳаводаги фаолликни чеклаш ва ниқоб тақиш каби эҳтиёт чораларига риоя этишга чақирмоқда.

Фото: Kun.uz

2025 йилнинг 16 ноябр куни соат 20:00 ҳолатига атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги бўйича автоматик станциялар маълумотларига кўра, Тошкент шаҳридaги ҳаво сифати кескин ёмонлашгани қайд этилди.

Маълумотларга кўра:

  • PM10 майда дисперсли заррачалар миқдори 373 мкг/м³ни ташкил этди, бу рўйхатдан ўтказилган рухсат этилган меъёр (REM – 300 мкг/м³)дан 1,2 марта юқори;
  • PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 202 мкг/м³га етди, бу эса REM (60 мкг/м³)дан 3,4 марта ошган.

Ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган рухсат этилган меъёрлар билан солиштириб баҳоланган.

Мутахассислар таъкидлашича, кўрсаткичларнинг кескин ошишига ҳароратнинг ўзгариши ҳам таъсир кўрсатган. Ҳарорат кескин ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, бу эса майда заррачаларнинг пастки ҳаво қатламларида тўпланишига ва атмосфера ҳавосида уларнинг концентрацияси ошиб боришига сабаб бўлади.

Огоҳлантириш: маълум қилинишича, бундай об-ҳаво ва атмосфера шароити республика бўйлаб бир неча кун давомида сақланиб қолиши мумкин. Шу муносабат билан аҳоли ва пойтахтга келган меҳмонларга қуйидаги тавсиялар берилмоқда:

  • очиқ ҳаводаги жисмоний фаолликни имкон қадар қисқартириш;
  • ташқарига чиққанда, айниқса, йўл ёқаларида ва тиғиз жойларда ниқоб (маска) тақиш;
  • болалар, кексалар, юрак-қон томир ёки нафас йўллари касалликлари бор шахсларнинг ҳаво ифлослиги юқори бўлган пайтларда кўчада узоқ вақт юришини чеклаш.

Мутахассислар бундай шароитда, айниқса, эрталаб ва кечки пайтларда, ҳаво ҳаракати сустлашганда заррачалар концентрацияси юқорироқ бўлиши мумкинлигини қайд этиб, аҳолидан ҳаво сифати бўйича расмий ахборот ва тавсияларга амал қилишни сўрамоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид