Бу йил ўзбек сўми сезиларли мустаҳкамланди. Лекин қизиғи, миллий валютанинг қадри ошиши баъзан улкан муаммога айланиши ҳам мумкин. Энг ёрқин мисол – 1970-йиллардаги АҚШ иқтисодиёти. Ўшанда Америка ҳукумати ўз валютасини қасддан заифлаштиришга мажбур бўлган эди. Бу орқали мамлакат саноати инқироздан сақлаб қолинган, лекин Японияда иқтисодий мўжиза якунланиб, турғунлик даври бошланган.

Kun.uz “Тарихдан ҳикоялар” рукнида бундан 40 йил муқаддам тузилган Плаза келишуви ҳақида ҳикоя қилади.

Ўтган асрнинг 80-йилларида АҚШдаги иқтисодий тизим мувозанатдан чиқиб кетади. Америка доллари ҳаддан ташқари мустаҳкамланиб, экспортни қимматлаштириб юборади. Импорт эса, аксинча, ошиб борар, натижада савдо тақчиллиги катталашиб кетганди. Ўз навбатида, Япония, Германия каби бошқа ривожланган давлатлар ўз миллий валюталарининг заифлиги туфайли экспортда кескин устунликка эга бўлишади.

Масалан, Япония дунёнинг энг тез ўсаётган иқтисодиётига айланади. Toyota, Sony, Panasonic, Mitsubishi каби гигантлар Американинг General Motors ва IBM'ларини бозорлардан сиқиб чиқара бошлайди. Токиодаги ер нархи Ню Йоркка қараганда бир неча баравар қимматлаб кетади. Кўпчилик “ХХI аср Японияники бўлади” деб ишона бошлайди. Аммо бу орзулар узоққа чўзилмайди ва 90-йилларга келиб, Япония иқтисодий мўъжизаси тўхтайди.

Бунга 1985 йил 22 сентябр куни Ню Йоркдаги машҳур Plaza меҳмонхонасида имзоланган тарихий битим сабаб бўлади.

Долларни заифлаштириш Америкага нега керак бўлиб қолди?

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа вайрона ҳолатга келиб қолганди. АҚШ эса дунёнинг иқтисодий етакчисига айланиб олади. Глобал саноат ишлаб чиқаришида АҚШнинг улиши қарийб 50 фоизни ташкил этар, мамлакатда дунё олтин захираларининг учдан икки қисми тўпланганди. Натижада доллар глобал миқёсда асосий валютага айланди ва бу мақомни инглиз фунтидан тортиб олди. Аммо орадан йиллар ўтиб, Япония ва Ғарбий Европа самарали иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб, урушдан кейинги инқироздан чиқади ва ўз саноатини тиклайди. Арзон ҳам малакали ишчи кучи эвазига улар АҚШ ва дунё бозорларига арзонроқ, лекин сифат жиҳатидан ўхшаш маҳсулотлар таклиф қила бошлайди.

АҚШ иқтисодиёти эса 1970 йилларда кетма-кет юз берган энергетик инқирозлардан жиддий зарар кўрди. Бу инқирозлар Яқин Шарқдаги сиёсий воқеалар билан боғлиқ эди. Натижада инфляция ошади, иқтисодий ўсиш тўхтайди ва АҚШ марказий банки фоиз ставкаларини оширишга мажбур бўлади. Бу, ўз навбатида, долларни янада мустаҳкамлайди.