Жаҳон | 14:51 / 19.11.2025
1368
2 дақиқада ўқилади

Москва 3 йиллик бюджетда устувор йўналиш сифатида ҳарбий харажатларни белгилади

Россия федерал бюджетининг асосий устувор йўналишлари — ҳарбий ва ижтимоий харажатлар, жумладан Украинадаги урушда иштирок этувчилар оилаларини қўллаб-қувватлашдир. Учинчи ўқиш 20 ноябрга белгиланган.

Фото: Андрей Гордеев / Ведомости

Россия Давлат Думаси 18 ноябр куни 2026–2028 йилларга мўлжалланган федерал бюджет лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Учинчи ўқиш 20 ноябр куни ўтказилиши режалаштирилган.

Лойиҳа учун 353 нафар депутат овоз берди, яна 53 нафари бетараф қолди. Натижалар экранда чиқарилганда, бир парламент аъзоси қарши овоз бергани кўрсатилган, бироқ «Ягона Россия» фракцияси депутати Вячеслав Макаров бу техник хато эканини айтди, деб ёзади «Ведомости» газетаси.

Бюджет уч йилнинг барчасида ҳам камомадли бўлади. 2026 йилда камомад 3,79 трлн рубл ёки ЯИМнинг тахминан 1,6 фоизини ташкил этади: 2026 йилда бюджет даромадлари 40,3 трлн рубл, харажатлари эса 44,1 трлн рубл миқёсида кутилмоқда. 2027 йилда даромадлар 42,9 трлн рубл, харажатлар 46 трлн, 2028 йилда эса мос равишда 45,9 ва 49,5 трлн рубл бўлиши прогноз қилинган.

2026–2028 йиллар бюджети учун асосий устувор йўналишлар — мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими харажатлари (16,84 трлн рубл) ҳисобланади. Улар жами ижтимоий харажатларнинг (10,8 трлн рубл) тахминан ярим баравардан кўпроғини ташкил этади. Илгари РФ молия вазири Антон Силуанов «махсус ҳарбий операция иштирокчилари оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш»ни, яъни Украинадаги уруш қатнашчилари оилаларига ёрдамни алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Давлат Думаси, шунингдек, иккинчи ўқишда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 2026 йил 1 январдан 20 фоиздан 22 фоизга оширилишига ҳам розилик берди.

Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг, келаси уч йил учун мўлжалланган бюджет «санкциялар ва Европа Иттифоқи томонидан бўлаётган таҳдидларга қарамай, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилади», деб баёнот берган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид