Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Мираббос Мирзааҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
“Мираббос Мирзааҳмедов ўзининг нуроний ва донишманд қиёфаси, кўп йиллик билим ва тажрибаси билан марказий телеканалларимиз орқали 40 йилдан буён намойиш этиб келинаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувига янгича руҳ ва мазмун олиб кирди ҳамда ушбу дастур орқали жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-маънавий муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, эл-юртимиз, айниқса, ёшлар ўртасида оила ва Ватанга муҳаббат, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга катта ҳисса қўшди.
Бутун умр доимо изланиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келган заҳматкаш ижодкор ўзига хос маҳорат ва тажриба мактабини яратиб, кўплаб ёшларга устозлик қилди. Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Мираббос Мирзааҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади президент Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов, бош вазир Абдулла Арипов, С.Турдиев билдирган ҳамдардликда.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, бошловчи ва режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов 19 ноябр куни 84 ёшида вафот этди.
У «Баҳор қайтмайди», «Қалбингга қулоқ сол», «Дунёнинг ишлари», «Инсон садоқати», «Биллур қандиллар», «Эътироф» каби 50 дан зиёд видеофилмларни, «Буни ҳаёт дейдилар» туркум кўрсатувларини тасвирга олишда иштирок этган.
Ярим асрдан зиёд вақт мобайнида «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» лойиҳаси бошловчи ва режиссёри бўлиб ишлаган.
Мирзааҳмедов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони, «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган.







