Ўзбекистон | 11:06 / 20.11.2025
2371
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Ню-Йорк ўртасида шериклик битими лойиҳаси тайёрланади

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов Ню-Йорк шаҳар мэри Эрик Адамс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашув якунида икки шаҳарни комплекс ривожлантириш, маданият, инновациялар ва иқтисодиёт соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликка замин яратувчи шериклик битими лойиҳасини тайёрлашга келишиб олинди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокимиятида пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов Ню-Йорк шаҳар мэри Эрик Адамс бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Суҳбат давомида томонлар йирик шаҳарларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, жамоат инфратузилмаси, транспорт ва коммунал хизматлар соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, Тошкент ва Ню-Йорк ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар ҳокими меҳмонларни “Тошкентни 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси”нинг асосий йўналишлари билан таништирди. “Янги Тошкент” лойиҳаси, “Янги авлод” саноат зонасини барпо этиш, янги жамоат масканлари ва шаҳар муҳитини яхшилашга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Учрашувда Тошкентда транспорт тизими, логистика ва коммунал хўжалик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, Marriott, Wendy’s, Pepsi (АҚШ), DP World (БАА), VEOLIA (Франция) ва бошқа халқаро компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

Ню-Йорк шаҳар мэри Эрик Адамс Ўзбекистондаги ислоҳотлар суръатини юқори баҳолаб, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ўзгаришлар кўлами унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади. У Тошкентнинг ривожланиш йўналиши тўғри танланганини, бу eсa халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратаётганини қайд этди.

Эрик Адамс Тошкент ва Ню-Йорк ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдириб, ушбу ташриф Тошкентда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар билан яқиндан танишиш имконини берганини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар шаҳарларни комплекс ривожлантириш, маданият, инновация ва иқтисодиёт соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорлик учун асос бўладиган Тошкент ва Ню-Йорк ўртасида шериклик битими лойиҳасини тайёрлашга киришиш тўғрисида келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид