Жаҳон | 13:56 / 21.11.2025
1931
3 дақиқада ўқилади

Сўров: россияликларнинг 64 фоизи Украина билан тинчлик шартномаси тузилишини хоҳлайди

Тадқиқотга кўра, россияликларнинг деярли учдан икки қисми урушни тўхтатиш ва Россия ҳамда Украина ўртасида «музокара асосидаги тинчлик шартномаси» имзоланишини истайди. Шу билан бирга, фақат 36 фоиз иштирокчи бу сценарийни амалга ошиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда «Хроники» тадқиқот лойиҳаси ўтказган сўров натижалари гувоҳлик бермоқда.

Фото: Maxim Shemetov/REUTERS

Россияликларнинг деярли учдан икки қисми (63–64 фоиз) урушни тўхтатиш ва Россия ҳамда Украина ўртасида «музокара асосидаги тинчлик шартномаси» имзоланишини истайди, бироқ сўралганларнинг фақат 36 фоизи шундай натижага эришиш мумкин, деб ўйлайди. Бу 2025 йил октябр ойида «Хроники» тадқиқот лойиҳаси томонидан ўтказилган сўров натижаларида акс этган, унинг дастлабки хулосаларини Re: Russia нашри эълон қилди.

Тадқиқотда неча киши қатнашгани аниқ кўрсатилмаган. Шу билан бирга, сўров давомида иштирокчилар икки тенг гуруҳга бўлинган: биринчисидан Россия ҳокимиятидан қандай сиёсий қарор ва ҳаракатларни кутаётгани сўралган, иккинчисига эса қандай ўзгаришларни ўзи шахсан кўришни исташи ҳақида савол берилган.

Сўров қатнашчиларининг фикрига кўра, ҳокимият томонидан энг эҳтимолий деб баҳоланаётган қадамлар қуйидагилар: давлат бюджети харажатларини армия манфаати йўлида ошириш (сўралганларнинг 78 фоизи бу содир бўлади, деб ҳисоблайди), ички ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга эътиборни кучайтириш (48 фоиз), Кремл эълон қилган мақсадларга эришилганидан кейин Украинадаги урушни тугатиш (47 фоиз), Украина билан ўзаро устуворликни инобатга олган ҳолда тинчлик шартномаси имзолаш (36 фоиз), сафарбарлик (35 фоиз), ғарб мамлакатлари билан муносабатларни тиклаш (28 фоиз) ва Россияга қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилиш (22 фоиз).

Энг кўп исталадиган ҳаракатлар сифатида респондентлар қуйидагиларни келтирди: Кремл белгилаган мақсадларга эришилганидан сўнг урушни тугатиш ва ички ҳамда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга эътиборни кучайтириш (иккаласи ҳам 88 фоиз), Украина билан ўзаро ён босиш асосида тинчлик шартномаси (64 фоиз), санкцияларни бекор қилиш (63 фоиз), ғарб мамлакатлари билан муносабатларни тиклаш (58 фоиз), армия харажатларини ошириш (49 фоиз) ва сафарбарлик (16 фоиз).

Шу тариқа, исталган ва кутилган воқеликлар ўртасидаги тафовут ўртача 25 фоиз пунктни ташкил этди. Бундан ташқари, россияликлар ўзи кутаётганига нисбатан ҳокимиятдан камроқ либерал қарорлар чиқишини тахмин қилмоқда.

Сўровда иштирокчиларга қуйидаги савол берилди: «Сиз Россиянинг Украина ҳудудида олиб бораётган ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлайсизми, қўллаб-қувватламайсизми, аниқ жавоб беришга қийналасизми ёки бу саволга жавоб беришни истамайсизми?» Саволга жавобан сўралганларнинг 50 фоизи урушни қўллаб-қувватлашини айтган, 39 фоизи эса жавоб беришни хоҳламаган, қолганлари урушни қўллаб-қувватламаслигини билдирган.

Шунингдек, «буйруқ доирасида» урушда иштирок этишга тайёр эканини 28 фоиз респондент маълум қилган, яна 9 фоиз урушга ихтиёрий боришга тайёрлигини айтган. 38 фоиз урушда иштирок этишга тайёр эмаслигини билдирди, яна 19 фоиз жавоб беришдан бош тортган. Қолган 6 фоиз эса сафарбарлик бўйича тегишли тоифага кирмаслигини айтган.

Оила аъзоси шартнома асосида хизматга боришга қарор қилса, қандай муносабатда бўлиши ҳақидаги саволга эса сўралганларнинг 55 фоизи бундай қарорни қўллаб-қувватламаслигини билдирган, 30 фоизи аксинча, буни маъқуллашини айтган, қолган 15 фоиз эса жавоб бермасликни маъқул кўрган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид