Ўзбекистон | 10:48 / 22.11.2025
2116
1 дақиқада ўқилади

Тошкент атмосферасида PM2,5 ифлосланиши хавфли даражада қайд этилди

2025 йил 22 ноябр куни соат 09:00 ҳолатига кўра Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 3,1 баравар юқори қайд этилди. Аҳоли ва пойтахт меҳмонларига очиқ ҳаводаги фаолиятни чеклаш ва ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Фото: Kun.uz

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар ҳавосидаги PM10 майда дисперсли заррачалар миқдори 264,1 мкг/м³ ни ташкил этди. Бу кўрсаткич рухсат этилган меъёр – 300 мкг/м³ дан ошмаган.

Шу билан бирга, PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 186,4 мкг/м³ даражасида бўлиб, белгиланган меъёр (60 мкг/м³) дан 3,1 марта юқори экани аниқланди.

Мутахассислар таъкидлашича, кўрсаткичларнинг ошишига ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши ҳам сабаб бўлган. Ҳароратнинг ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, бу эса майда заррачаларнинг пастки қатламларда тўпланиши ва атмосфера ҳавосидаги концентрациясининг ортишига олиб келади.

Республика аҳолиси ҳамда пойтахт меҳмонларига очиқ ҳаводаги фаолиятни қисқартириш, айниқса, болалар, кекса ёшдагилар ва юрак-қон томир ҳамда нафас йўллари хасталиги бор фуқароларга заруратсиз ташқарига чиқмаслик, чиққанда эса ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид