Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи оила 3 нафар фарзандини Навоий шаҳридаги президент мактабида ўқитмоқда. Болаларнинг отаси Мурунтау кони қўриқлаш хизматида ишлайди, онаси Сарвиноз Холманова эса ўрта маълумотли. 3 фарзанди ҳам нуфузли мактабда ўқиётган оила Зарафшондан Навоийга болалари мактабга қатнашига йўлкира топиб беришга қийналишади, бироқ болаларининг билимли бўлиши учун ўзларида борини бера олишади.

Hudud24 нашри болаларнинг онаси Сарвиноз Холманова билан суҳбатлашди.

“Болалигимда асосий вақтим далада ўтган, пахта чопардик. Шунинг учун норози бўлардим: бизнинг кўп вақтимиз пахта чопиш билан ўтяпти, дарс қилишга кам вақт топамиз деб. Пахтадан қоладиган вақтимга ловия экиб, ўзим йиғиштириб олиб, ўқишга киришга маблағ йиғишга ҳаракат қилардим. Ҳеч ким ишлатмайдиган ерларга ловия экиб сотиб, Самарқанд шаҳрида 3 ойлик компютер курсида ўқиганман.

Оиламизда қизлар 17-18 ёшларида турмушга чиқади, лекин менинг ўқиш ниятим борлиги учун 20 ёшимгача узатишмаган”, деб эслайди Сарвиноз Холманова.

Турмушга чиққач, оилавий вазият туфайли ўқиш режалари амалга ошмай қолади. 3 фарзанди кетма-кет туғилган аёл бор вақтини болалари яхши ўқишига сарфлайди.

“Бошиданоқ катта ўғлимнинг математикадан иқтидорли эканини сезардим, шунинг учун яхшироқ мактабларда ўқитишга ҳаракат қилардик.

Уйимизга янги кўчиб чиққан вақти электр ўтказа олмагандик. 3 йил шу тарзда яшадик ва шу орада қизим, кичик ўғлим туғилди. Улар ҳали чироқ нималигини билмасди, шунинг учун ҳеч қаерга меҳмонга олиб бормасдим. Агар меҳмонга борсак, чироқ нималигини билиб қолишса, уйга қайтгач ичи сиқилади деб шундай қилардим.

Бир куни болаларимнинг девордан мўралаб қўшнининг уйидаги телевизордан мултфилм томоша қилиб ўтиришганини кўриб қолдим. Шундан кейин биз ҳам нақдга бўлмаса-да телевизор сотиб олдик. Лекин уни кўп кўрмасдик, бир ҳафтада бир томоша қилардик, сабаби телевизордан кўп нарса олиб бўлмайди. Болаларим президентнинг китоб ўқиган болалар келажакда телевизор томоша қилган болаларни бошқариши ҳақидаги гапларидан мотивация оларди”, дейди она.

Сарвиноз опанинг айтишича, 2013 йили уларнинг оиласи Зарафшон шаҳрига кўчиб келади. У катта ўғлини гимназияга қўйишни, яхши таълим олишини режа қилганди. Лекин оилада "прописка" бўлмагани учун боласини оддий мактабларга ҳам олмасди. Яна рус тилини ҳам билмайди деган сабаб билан мактаб директори Сарвиноз опанинг ўғлини мактабга қабул қилмаслигини айтади. Лекин аёлнинг “Бир имкон бериб кўринг”, деган гапидан сўнг мактабга қабул қилади. “Прописка” тизими бекор бўлгач қизининг мактабда ўқиши муаммосиз ҳал бўлгани она учун аҳамиятли бўлади.