Ўзбекистон | 18:08 / 25.11.2025
3210
4 дақиқада ўқилади

Президент Ургутда камбағаллик ва ишсизликни 2 фоиздан тушириш кераклигини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Ургут мисолида имкониятларни таҳлил қилиб, вазирлар ва ҳокимлар олдига кейинги йил учун аниқ вазифалар қўйди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясидаги нутқида давлат раҳбари Ургутда барча имкониятларни сафарбар қилиб, келаси йил камбағаллик ва ишсизликни 2 фоиздан тушириш кераклигини таъкидлади.

Ургутда 1,5 мингта саноат корхонаси бўлсада, айримлари фаолият кўрсатмаяпти, ишлаётганлари ҳам мавжуд қувватидан тўлиқ фойдаланмаяпти. Мутасаддиларга “Ургут” иқтисодий зонасига кирувчи 14 та туман ҳокими билан ишни тўғри ташкил қилиш, ишлаб чиқариш харажатларини 20-30 фоизга қисқартириш топширилди. Масалан, янги темир йўл линияси ҳисобига Ургут ва Тойлоқдаги 1 минг 200 та саноат корхонасининг ташиш харажатлари арзонлашиб, таннарх 6-8 фоизга қисқаради.

Агар темир йўл бўйлаб 3 та замонавий логистика маркази қурилса, Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Булунғур ва Самарқанд туманидаги 2 мингга яқин саноат корхоналарининг ташиш харажатлари яна 10-15 фоизга арзонлашиши кўрсатиб ўтилди.

“Ургут” саноат зонасига кооперация олиб кириб, маҳсулотларни “эҳтиёт қисмлар – тайёр маҳсулот” занжири асосида ишлаб чиқариш орқали таннархни 5 фоиздан 15 фоизгача камайтириш мумкин.

Рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектни жорий қилиш орқали ҳам ишлаб чиқариш самарадорлиги 20 фоизга ошади, операцион харажатлар 20-25 фоизга камаяди. Мутасаддиларга туман саноатининг 70 фоизини берадиган 43 та корхонага шу ишларни қандай ташкил қилишни ўргатиш топширилди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг 287 гектари адирда жойлашгани учун инфратузилма олиб бориш 2-3 карра қимматлашмоқда. Агар бу ерлар қулай ҳудудларга алмаштириб берилса, инвесторлар 560 миллион долларлик 80 та лойиҳани амалга оширишга тайёр. Масъулларга йил якунигача саноат зоналаридаги бўш ерларни таҳлил қилиб, самарасиз ҳудудларни бошқасига алмаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Ургут тумани йилига 40 миллион долларлик саноат маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Туманда йилига 350 миллион долларлик саноат маҳсулоти чиқиши ҳисобга олинса, бу жуда кам экани қайд этилди.

Сурия, Ироқ ва Афғонистоннинг ўзида 30 миллиард долларлик электротехника, текстиль, озиқ-овқат, автомобиль, фармацевтика ва қурилиш материалларига эҳтиёж бор. Лекин, бу бозорларга жадал кириб бориш бўйича на тармоқ раҳбарлари, на ҳокимлар ҳалигача тайинли натижа кўрсатмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, йил якунигача Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрида Товар-хомашё биржаси филиали очилади ва камида 100 турдаги маҳаллий маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади.

Кейинги йилдан Савдо-саноат палатасининг Ироқда 3 нафар, Сурияда 2 нафар савдо маслаҳатчилари иш бошлайди. Ироқнинг энг йирик 100 нафар тадбиркорини Самарқандга таклиф қилиб, “Ўзбекистон-Ироқ” бизнес форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Умуман, келаси йили вилоятда 70 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва саноатда 25 минг иш ўрни яратиш режа қилинди.

Ургутга йил бошидан 500 минг хорижий ва 1 миллион маҳаллий сайёҳ келди. Тадбиркорлар Зарафшон тоғ тизмасида жойлашган “Қортоғ” зонасида 600 гектар майдонда туризм зонаси ташкил этиш ташаббусини билдирган.

Ёки, “Қоратепа” сув омбори атрофида кемпинг ва капсула уйлар қуриб, “Эко шаҳарча” барпо этилса, туристларга йил 12 ой хизмат кўрсатадиган масканга айланади.

Шу боис, мутасаддиларга Ургутда туристик-рекреацион зона дирекциясини ташкил этиш, мастер-режа ишлаб чиқиб, лотларни савдога чиқариш топширилди. Ушбу лойиҳанинг инфратузилмаси учун 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Ургутдаги ёндашувлар асосида яна 245 миллион долларлик лойиҳалар ҳисобига 8 та туманда 15 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Умуман, келаси йил 600 миллион долларлик туризм лойиҳаларини бошлаб, камида 35 минг аҳолини банд қилиш зарурлиги қайд этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид