Жаҳон | 16:07 / 25.11.2025
1664
3 дақиқада ўқилади

ЕИ етакчилари: Украина хавфсизлиги бутун Европа учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга

Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Женевадаги музокараларни урушни бартараф этиш бўйича келгуси ҳаракатлар учун «ишончли асос» деб атади. Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта ҳам бу мулоқотда «янги туртки» пайдо бўлганини таъкидлади.

Фото: Fabrice Coffrini/AFP/Getty Images

Европа Иттифоқи етакчилари душанба куни, 24 ноябрда, Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш бўйича музокараларда қайд этилган силжишни қўллаб-қувватлади, бироқ шу билан бирга Женевада АҚШ тинчлик режасини қайта ишлаш учун кўрилган саъй-ҳаракатларга қарамай, ечимини топмаган масалалар ҳали ҳам борлигини эслатиб ўтди.

«Иш ҳали якунланмаган бўлса-да, ҳозирда олға силжиш учун мустаҳкам асос мавжуд», — деди Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Ангола пойтахти Луандада бўлиб ўтган ЕИ–Африка Иттифоқи саммитида.

ЕИ етакчиларининг норасмий учрашуви якунлари бўйича журналистлар олдида сўзлар экан, Еврокомиссия раҳбари иттифоқчиларни «бирдам қолишга ва Украина манфаатларини саъй-ҳаракатлар марказида сақлашда давом этишга» чақирди.

«Гап бутун қитъамизнинг хавфсизлиги ҳақида кетмоқда — ҳам бугун, ҳам келажакда. Бугунги Луандадаги учрашув яна бир бор Украинага қўллаб-қувватлов бўйича бирдам эканимизни тасдиқлади», — деди фон дер Ляйен.

У ЕИ келгусида ҳам сақлаб қоладиган «асосий принциплар»ни санаб ўтди: «Украинанинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитети ҳурмат қилиниши шарт, қуролли кучларига тааллуқли қарорларни фақат суверен давлат сифатида Украина ўзи қабул қилиши мумкин».

Еврокомиссия раҳбари саммитда яна бир бор бедарак йўқолган ва ўғирлаб кетилган украин болалари тақдири масаласини кўтарганини ҳам қўшимча қилди: «Улар уйига қайтиши керак».

Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта ўз навбатида тинчлик музокараларида «янги импулс» юзага келганини қайд этди. «Ҳали ҳал этиладиган айрим масалалар бор, аммо йўналиш ижобий», — деди Кошта Женевадаги Украина ва АҚШ вакиллари учрашувини шарҳлар экан.

У, шунингдек, Европа Иттифоқига бевосита тааллуқли масалалар — санкциялар, ЕИ кенгайиши ёки музлатилган Россия активлари каби йўналишлар «ЕИнинг тўлиқ иштирокини ва унинг томонидан қарорлар қабул қилиниши»ни талаб этишини таъкидлади.

«Биз бу жараённи қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрмиз, Европа Иттифоқи билан яқин ҳамкорликда, шунингдек Украина, АҚШ ва НАТО билан бирга ишлашни истаймиз», — дея қўшимча қилди Европа Кенгаши раҳбари.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид