Жаҳон | 13:47 / 27.11.2025
1893
3 дақиқада ўқилади

Politico: АҚШ Украинага кафолатларни битимдан кейин бермоқчи

Давлат департаменти раҳбари Европа иттифоқчиларига АҚШ Украинага хавфсизлик кафолатларини фақат тинчлик келишуви тузилгандан сўнг тақдим этишини айтгани ҳақида нашр хабар берди. Шу билан бирга, Марко Рубио бундай кафолатлар АҚШ учун устувор вазифа эканини таъкидлаган.

Фото: Fabrice Coffrini/AFP via Getty Images

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Европа иттифоқчиларига Вашингтон Украинага ҳар қандай хавфсизлик кафолатларини фақат тинчлик битими тузилгандан кейингина беришга рози бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда чоршанба, 26 ноябр куни Politico онлайн-нашри музокаралар мазмунидан хабардор манба ва европалик дипломатга таяниб ёзди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, бундай шарт ўтган ҳафта АҚШ томонидан Киевга юборилган таклифларда ўз ифодасини топган.

Нашр эслатишича, Украина ғарб томонидан хавфсизлик кафолатлари берилишини Россия билан тинчлик келишуви тузишда энг асосий шарт деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп гўёки “Украина раҳбарларини Оқ уйга таклиф қилмаслигини”, битим имзоланмагунча уларни қабул қилмаслигини айтган, дейилади мақолада.

Нашрга кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятидан келаётган сиёсий сигналлар “кўп қиррали” ҳисобланади. Politico ёзишича, 25 ноябр куни европалик вакиллар билан телефон орқали суҳбатда Марко Рубио Украина учун хавфсизлик кафолатлари Трамп маъмуриятининг устувор вазифаси эканини айтган, шунингдек, бу масала тинчлик битимининг бошқа, аллақачон келишиб олинган бандларидан алоҳида муҳокама қилинаётганини таъкидлаган.

Нашр суҳбатдоши бўлган европалик дипломат сўзларига кўра, АҚШ барча шартларни тез орада ягона пакет кўринишида қабул қилишни истамоқда.

Бундан ташқари, давлат котиби европаликлар билан суҳбатда тинчлик келишувига оид бошқа масалаларни ҳам умумий қилиб тилга олган. Манба сўзларига кўра, улар Украина ҳудудий яхлитлиги ва музлатилган Россия активлари масалаларига тааллуқли бўлган.

“Айрим Европа давлатлари Трамп маъмурияти вазиятни Россия фойдасига оғдириб юборишидан хавотирда”, — дейилади мақолада. “Инсон ҳуқуқлари, гуманитар ҳуқуқ, халқаро ҳуқуқ ёки умумий тамойиллар ҳақида бир оғиз гап йўқ. Бу эса Европа хавфсизлик архитектурасининг янги, аммо тешикларга тўла моделини яратади”, — дея дипломатлардан бирининг сўзлари келтирилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид