Сержио Гор ёки Сергей Гороховский. Оқ уйнинг кадрлар бўйича директори, Трампнинг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича махсус вакили ва эндиликда АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси ҳам бўлган асли тошкентлик яҳудий сиёсий фигура. У 38 ёшидаёқ Оқ уйгача келолган Трампга содиқ амалдор. Хўш, бу натижага эришгунча асли исми Сергей бўлган Сержио қандай йўлдан юрди?

Америкада “Ўзбекистоннинг одами”

Ўзбекистондаги Америка элчихонасига кўра, Сержио Гор эндиликда АҚШ-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашига ҳам раҳбарлик қилади. Айнан Тошкентда туғилган Сергей бугун АҚШ ҳукуматидаги Ўзбекистонга энг яқин бўлган одам, деб бемалол айтса бўлади.

Бир пайтлар тошкентлик бўлган яҳудий муҳожир Сержио бугун АҚШнинг бу минтақа бўйича сиёсатида асосий одамлардан бирига айланди. Бугун 38 ёшда бўлган Сержио Тошкентда туғилиб, ота-онаси билан Малтага кўчгач, Коспикуа порт шаҳарчасида катта бўла бошлайди. У Малтага борганида 8 ёш, оиласи АҚШга кўчганида эса 13 ёшда эди. Исроил фуқароси бўлган Сержионинг онаси Малтада бизнес билан шуғулланган, 1999 йилда эса улар Лос-Анжелесга кўчишга қарор қилишади. АҚШга борганида ҳам Сергей Гороховский бўлган йигитча матбуот ва сиёсий кайфиятни тушуна бошлагач исмини Сержио Горга айлантириб олади.

Жорж Вашингтон университетига қабул қилинганида Сержио аллақачон консерватив ғоялар тарафдорига айланган эди. Коллеж давриданоқ у республикачилар томонида бўлди ва талабалардан иборат “Ёш Америка жамғармаси”ни тузишга уринди.

2008 йилги президент сайловларида эса Гор Обамани қоралаш кампанияси бир қисмига айланди. Хусусан, ўша пайтда оғизга тушган Обаманинг кам даромадли оилалар ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат масалалари билан шуғулланувчи нодавлат фаоллик ташкилоти билан алоқаларини бўрттиришга ҳаракат қилди. Яъни Обаманинг сайловолди кампанияси пулларидан бу ташкилотга 800 минг АҚШ доллари ўтказилганди. Бу катта сумма аслида фирибгарлик учун ишлатилганини гапирувчи танқидчилар қаторида 22 ёшли Сержио Гор ҳам бор эди.

Яҳудий муҳожирнинг бу қадамлари бекорга эмас, балки тезроқ кўзга ташланиб, амалдорга айланиш мақсадлари рўёби учун эди.

Капитолийдаги матбуотчилик йиллари

Ўқишни тугатганидан сўнг Гор кампус фаоллигидан Капитолийга ўтди, яъни Америка парламентига. Аёва штатидан Стив Кинг ва Миннесота штатидан Мишел Бахман республикачи конгрессменларнинг сўзловчиси сифатида ишлай бошлади. Бу даврда Обама билан мафкуравий қарама-қаршиликда Сержио Гор асосий хизматчилардан бўлди.