«Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон президенти фармони ижросини таъминлаш доирасида Тошкент шаҳрида бир қатор тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жиноят қидирув бўлими маълумотларига кўра, ўтказилган тезкор тадбир чоғида фуқаро гумонланувчи сифатида ушланиб, ундан 759 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинган. Терговга қадар текширувлар давомида ушбу дори воситалари яширинча сотиш мақсадида алоҳида қадоқлангани аниқланган.
Шундан сўнг жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан гумонланувчининг яшаш манзили холислар иштирокида кўздан кечирилган. Қидирув натижасида уйдан қўшимча равишда 81 та кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва кукунсимон моддалар топилиб, белгиланган тартибда далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари аҳолига мурожаат қилиб, гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний айланишига оид ҳар қандай маълумот бўлган ҳолда ИИВ колл-марказига ёки Telegram'даги «Стопнарко» ботига мурожаат қилишни сўрамоқда. Фуқароларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
















