Ўзбекистон | 10:14 / 02.12.2025
3158
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳавосида РМ2,5 меъёрдан 3,5 баравар юқори қайд этилди

2 декабр куни соат 09:00 ҳолатига кўра Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори белгиланган меъёрдан 3,5 марта ошгани аниқланди, РМ10 кўрсаткичи эса рухсат этилган чегарадан ошмади.

Фото: Kun.uz

Атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича автоматик станциялар маълумотларига кўра, 2025 йил 2 декабр куни соат 09:00 да Тошкент шаҳри ҳавосида қуйидаги кўрсаткичлар қайд этилди:

  • РМ10 майда дисперсли заррачалар миқдори — 280 мкг/м³, бу рухсат этилган меъёр (РЕМ) 300 мкг/м³ дан ошмаган;
  • РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори — 212 мкг/м³, бу эса рухсат этилган меъёр (60 мкг/м³) дан 3,5 марта юқори.

Таъкидланишича, кўрсаткичларнинг ошишига ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши ҳам таъсир кўрсатган. Ҳарорат ўзгариши инверсия жараёнини келтириб чиқаради, бу эса майда заррачаларнинг ҳавонинг пастки қатламларида тўпланиши ва атмосферадаги концентрацияси ошишига сабаб бўлади.

РМ2,5 — бу диаметри 2,5 мкмдан кичик бўлган майда чанг заррачаларидир. Улар жуда майда бўлгани учун нафас йўллари орқали бевосита ўпка тўқималарига, ҳатто қон томирларигача етиб бориши мумкин.

Бу заррачалар асосан автомобил газлари, иссиқлик электр станциялари, саноат чиқиндиси, кўмир ёқиш, қурилиш чанглари ва бошқа ёниш жараёнларидан ҳосил бўлади. РМ2,5 даражаси юқори бўлса, юрак-қон томир касалликлари, бронхит, астма кучайиши, бош оғриғи, нафас қисиши каби салбий таъсирлар хавфи ортади.

Шунинг учун ҳаво сифатида РМ2,5 кўрсаткичи алоҳида кузатилади ва меъёрдан ошганда ниқоб тақиш, эҳтиёж бўлмаса кўчада юрмаслик, айниқса болалар, кексалар ва юрак-ўпкасида муаммоси борлар учун эҳтиёт чоралари тавсия этилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид