Жаҳон | 11:30 / 03.12.2025
1431
2 дақиқада ўқилади

Германияда номаълум шахслар бундесверга тегишли 20 минг дона ўқ-дорини ўғирлаб кетди

Саксония-Анхалтда кечаси қўриқланмайдиган автотураргоҳда қолдирилган юк машинасидан жанговар ва ўқув мақсадидаги катта миқдорда ўқ-дорилар ўғирланган. Ўқ-дорилар ўғирлангани ҳайдовчи патронларни казармага тушириш учун келганидагина аниқланган.

Фото: Birgitta von Gyldenfeldt/dpa

Германияда номаълум жиноятчилар бундесверга тегишли катта миқдордаги ўқ-дориларни ўғирлаб кетди. Патронлар фуқаролик транспорт компаниясига тегишли юк машинасидан ўғирлангани ҳақидаги Der Spiegel ҳафталиги ва MDR жамоатчилик-ҳуқуқий медиакомпанияси хабарларини 2 декабр, сешанба куни Германия Мудофаа вазирлиги вакили dpa агентлигига тасдиқлади.

Der Spiegel маълумотларига кўра, юк машинаси Саксония-Анхалт федерал еридаги Бург шаҳри яқинидаги автотураргоҳда турган. Жами тахминан 20 минг дона патрон ўғирланган. Боннда жойлашган бундесвернинг ёрдамчи бўлинмаси вакилига кўра, ҳодиса 25 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Унинг сўзларига кўра, машина тун бўйи автотураргоҳда турган, бузиб кирилгани эса фақат эртаси куни, ҳайдовчи Бургдаги казармага немис ҳарбийлари учун ўқ-дориларни етказиш учун келганида аниқланган.

Дастлабки баҳолашларга кўра, ўғирланган ўқ-дорилар орасида тахминан 10 000 дона 9 мм калибрли жанговар патрон, милтиқлар учун қарийб 9900 та патрон, шунингдек, ёндирувчи (тутунли) ўқ-дорилар бор.

«Биз бу ўғирликка жуда жиддий қараймиз, чунки бундай ўқ-дорилар нотўғри қўлларга тушмаслиги керак», — деди Германия Мудофаа вазирлиги вакили Der Spiegel нашрига. Унинг таъкидлашича, бундесвер билан шартнома тузган транспорт компанияси ўқ-дориларни ташишда хавфсизлик қоидаларини бузган. Эҳтимол, ҳайдовчи саноат зонасидаги қўриқланмайдиган автотураргоҳда юкни қаровсиз қолдириб, меҳмонхонада тунаб қолишга қарор қилган. Бундесверда бу ўғирлик тасодифий эмас, жиноятчилар машинани олдиндан кузатиб борган, деган тахмин бор.

Саксония-Анхалтда ўқ-дорилар йўқолиши билан боғлиқ бир неча ҳолат қайд этилган. Охирги бир неча ой ичида Бернбург ва Айслебен шаҳарларида полицияга тегишли ўқ-дорилар йўқолгани ҳолатлари ҳам кузатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид