Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа сўз эркинлиги бўйича АҚШ танқидини рад этди
Трамп маъмурияти ўзининг янги миллий хавфсизлик стратегиясида Европада демократия ва сўз эркинлиги йўқолиб бораётганидан шикоят қилди. Берлин ва Брюссел эса бу фикрга қўшилмади.
АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегияси жума куни, 5 декабр нашр этилганидан сўнг, Германия ва бошқа Европа давлатлари томонидан кескин танқидга учради, деб ёзади dpa агентлиги. Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Вашингтоннинг Европада сўз эркинлигига оид танқидий мулоҳазаларини шарҳлар экан, “кимдир бизга маслаҳат бериши керак, деб ҳисобламайман”, деб билдирди. Шу билан бирга, вазир АҚШ НАТО доирасида Германия учун энг муҳим иттифоқчи бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолишини таъкидлади.
Германияда фақат ижроия, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти давлат органларигина эмас, “балки, ҳақли равишда, эркин ОАВ ҳам мавжуд”, деди Вадефул Берлинда исландиялик ҳамкасби Торгердур Катрин Гуннарсдоуттир билан ўтказилган матбуот анжуманида. У Берлин бу масалага “жуда катта аҳамият” қаратаётганини қайд этди. “Биз шу пайтгача ГФР ичида бу масалаларнинг барчасини яхши муҳокама қила олганимиздан мамнунмиз ва миннатдормиз, — дея қўшимча қилди ТИВ раҳбари. — Ва биз келгусида ҳам бу масалаларнинг барчасини бегона ёрдамсиз, мустақил тарзда муҳокама қилишимиз ва ҳал этишимиз мумкин, деб ҳисоблаймиз”.
Германия ҳукуматининг трансатлантик муносабатлар бўйича координатори Метин Хакверди ҳам мамлакат ички ишларига аралашмасликка чақирди. У dpa агентлигига берган изоҳида Европанинг “иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан кучлироқ ва янада суверен бўлиши керак”лигини тан олди. “Биз бу йўналишда жиддий иш олиб боряпмиз”, — деди у. Сиёсатчи шуни ҳам қўшимча қилдики, Европа давлатлари АҚШ билан “яхши” ҳамкорлик қилади, аммо “ким бўлишидан қатъи назар, ички сиёсатга аралашувни қабул қилмаймиз”.
Еврокомиссия ҳам Америка стратегиясида Европа Иттифоқига нисбатан билдирилган айбловларни кескин рад этди. Журналистлар саволига жавоб берар экан, Еврокомиссия вакили Паула Пино ЕИ “сиёсий эркинлик ва суверенитетни бузадиган, ўз миграция сиёсати орқали қитъага зарар етказадиган ва сўз эркинлигига тўсқинлик қиладиган институт ҳисобланадими-йўқми”, деган саволга қатъий “йўқ” деб жавоб берди.
Шу билан бирга, у АҚШнинг янги миллий хавфсизлик стратегиясини шарҳлашдан тийилди. “Биз ҳали уни кўриб чиқиш ва унга баҳo беришга улгурмадик, шу сабабли ҳозирча у ҳақида ҳеч қандай изоҳ бера олмаймиз”, — дея Пинонинг сўзларини келтиради dpa агентлиги.
Ўзининг янги стратегиясида АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Европа Иттифоқи мамлакатларида “жиддий муаммолар” мавжудлигига нисбатан ташвиш билдирган. Ҳужжатда таъкидланишича, айрим ЕИ давлатларида ҳокимият сўз эркинлигини ва сиёсий мухолифатни бостираётгани айтилган. Шунингдек, Европа расмийларининг Украинадаги уруш натижасига оид “реалликка тўғри келмайдиган кутилмалари” борлиги қайд этилган. “Кўпчилик европаликлар тинчликни истайди, аммо бу интилиш сиёсатда ўз аксини топмаяпти, бунинг сабаби, кўп жиҳатдан, ҳукуматлар демократик жараённи издан чиқараётганидандир”, — дейилади ҳужжатда.
Мавзуга оид
22:34 / 12.06.2026
Тулси Габбард АҚШ биолабораториялари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди
20:26 / 12.06.2026
Трампнинг шов-шувли смартфони Хитой телефонининг тўлиқ нусхаси бўлиб чиқди
20:03 / 12.06.2026
Эрон АҚШ билан келишув доирасида тикланиш учун 300 миллиард доллар талаб қилди
18:05 / 12.06.2026