Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Автомобил ишлаб чиқариш қисқаради, электромобиллар кўпаяди: Германия автосаноати прогнози
Кутилишича, 2026 йилда Германияда енгил автомобиллар бозори жуда кичик ўсишни кўрсатади: янги рўйхатдан ўтказишлар сони жорий йилга нисбатан бор-йўғи икки фоизга кўпаяди. Шу билан бирга, электр автомобиллар бозори жадал равишда ривожланиши тахмин қилинмоқда.
Немис автомобил саноати 2026 йилда енгил автомобиллар бозорида фақат кичик ўсиш бўлишини кутмоқда. VDA — Германия автомобил саноати уюшмаси прогнозига кўра, келаси йилда янги енгил автомобиллар рўйхатдан ўтказилиши сони икки фоизга ошиб, 2,90 миллион машинага етади. Бу 2019 йилдаги пандемиягача бўлган даражадан 20 фоизга кам, дейилади Rheinische Post газетаси сайтида 7 декабр, якшанба куни кечқурун эълон қилинган маълумотда.
Электромобиллар бозорида эса бошқача тенденция кутилмоқда. Мутaxассислар 17 фоизлик ўсишга умид қилмоқда — бу деярли бир миллионга (аниқроғи, 979 мингта) янги электр автомобил рўйхатдан ўтказилишига тўғри келади. Бироқ бунда шарт сифатида Германия ҳукумати томонидан электромобил хариди учун янги субсидиялар жорий этилиши кўрсатилмоқда.
VDA енгил автомобиллар бозори ривожининг сустлигига асосий сабаб сифатида Германия иқтисодиётининг умумий ҳолатини кўрсатади. Уюшма прогнозига кўра, халқаро автомобил бозорида ҳам динамика катта бўлмайди. Европада 2 фоиз (13,4 миллион автомобилгача), Хитойда 1 фоиз (24,5 миллион автомобилгача) ўсиш кутилмоқда. АҚШда эса, аксинча, 4 фоизлик пасайиш прогноз қилинган.
«Кўпроқ протекционизм ва у билан боғлиқ харажатлар ошиши — 2026 йилда бу изсиз ўтмайди. Корхоналар буни яққол ҳис қилади», — деди VDA раҳбари Хилдегард Мюллер.
VDA баҳолашича, Германияда автомобил ишлаб чиқариш келаси йилда 1 фоизга камаяди. Бундан истисно фақат электромобиллар бўлади — улар ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилга нисбатан 5 фоизга, яъни 1,76 миллион автомобилгача ошиши кутиляпти.
Германия автомобил саноатидаги инқироз бир қатор омиллар билан боғлиқ. Уларнинг орасида: АҚШ божxона тўловлари, Хитой бозоридаги қийинчиликлар, электр энергиясига юқори харажатлар ва иқлимга зарар етказмайдиган ишлаб чиқаришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек Европада истеъмолчилар томонидан талаб паст экани. Шу фонда автосаноат вакиллари Берлин ва Брюсселни 2035 йилга қадар ички ёнув двигателли автомобиллар ишлаб чиқаришдан тўлиқ воз кечиш бўйича талабларни юмшатишга чақирмоқда.
Мавзуга оид
11:45 / 22.06.2026
Ўзбекистонда одамсимон роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди
08:45 / 28.05.2026
Ўзбекистонда яна бир йирик автомобил бренди ишлаб чиқаришни бошлаши кутилмоқда
08:51 / 27.05.2026
Дунёда энг кўп пўлат ишлаб чиқараётган давлатлар маълум қилинди
17:49 / 13.04.2026