Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси маълумотига кўра, жорий йил 8 декабр куни Бектемир тумани Ийк-Ота маҳалласи ҳамда Учтепа тумани 31-мавзесида амалий-тактик машғулотлар ташкил этилмоқда. Машқлар соат 11:30 дан 18:00 гача давом этади.

Ўқув-машғулотлар доирасида ёнғинларни барвақт олдини олиш, ёнғин ва зилзила вақтида аҳолининг тўғри ҳаракат қилиши, шунингдек, ўт ўчириш воситаларидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар синаб кўрилади.

Мазкур ҳудудларда ҳаракатланадиган ёки ижтимоий тармоқлар орқали амалий жараёнларга гувоҳ бўладиган фуқаролардан вазият юзасидан хавотирга тушмаслик сўралмоқда. Бош бошқарма маълумотига кўра, ўқув машғулоти вақтида барча хавфсизлик чоралари тўлиқ таъминланади.