Жаҳон | 10:00
1317
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: АҚШ тинчлик режаси 28 банддан 20 бандгача қисқартирилди

Тинчлик режасидан «очиқдан очиқ Украина манфаатига зид бандлар» чиқариб ташланди, бироқ ҳудудлар масаласида ҳозирча муросага эришилмади, деб баёнот берди Украина президенти Володимир Зеленский.

Фото: Isabel Infantes / Reuters

АҚШ томони таклиф қилган, 28 банддан иборат тинчлик режаси Украина томони билан ўтказилган маслаҳатлардан сўнг қайта кўриб чиқилиб, 20 бандгача қисқартирилди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский душанба, 8 декабр кечқурун журналистларга маълум қилди. Матбуот анжумани Зеленский Лондондан Брюсселга учаётган самолёт бортида бўлиб ўтди.

«28 та банд бор эди, энди 20 та бўлди. Бу йўналишни ўзгартирдик ва мутлақо очиқ-ойдин Украинага қарши бўлган бандлар четлатилди. Америкаликларнинг кайфияти, умуман олганда, муросани топиш тарафдори. Албатта, ҳудудларга тааллуқли мураккаб масалалар бор. У ерда ҳозирча муросага келингани йўқ», — деб келтиради «Интерфакс-Украина» агентлиги Зеленскийнинг WhatsApp’да журналистлар саволларига берган жавобларини.

Журналистлар билан суҳбатда Зеленский Украина ўз ҳудудларидан ни конституцияга, ни халқаро ҳуқуққа кўра воз кечишга ҳақли эмаслигини таъкидлади. «Албатта, Россия бизни ҳудудларни бериб қўйишга мажбур қилишни талаб этмоқда. Биз эса мутлақо ҳеч нарса бермоқчи эмасмиз — шу учун курашяпмиз», — деб келтиради Украина президенти сўзларини «Суспiльне» нашри.

Нашр ёзишича, Зеленский хавфсизлик кафолатлари масаласига ҳам тўхталди. «Энг кучли хавфсизлик кафолатларини биз АҚШдан олишимиз мумкин. Албатта, агар бу Будапешт меморандуми бўлмаса, бўш ваъдалар эмас, балки АҚШ Конгрессида овозга қўйиладиган ҳужжат бўлса», — деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина томони тинчлик режаси устидаги ишни 9 декабр кечқурун якунлайди, шундан сўнг уни АҚШга тақдим қилади. «Маслаҳатчилар (Украина МХМК котиби Рустем — тахр.) Умеров олиб келган режанинг сўнгги варианти устида ишлайди. Европаликларнинг маслаҳатчилари ҳам Украина билан бирга иш олиб боради. Ўйлайманки, эртага режа тайёр бўлади, яна бир бор кўриб чиқамиз ва АҚШга юборишга тайёрлаймиз», — деб Зеленский сўзларини келтиради «РБК-Украина».

4–6 декабр кунлари Украина делегацияси таркибида Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ҳамда Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Андрей Гнатов иштирокида Майамида АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказди. Америка томондан музокараларда президент Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Оқ уй раҳбарининг куёви Жаред Кушнер иштирок этди. Музокараларнинг учинчи куни уларга Зеленскийнинг ўзи ҳам қўшилган, унинг сўзларига кўра, у «узоқ ва мазмунли телефон суҳбати» ўтказган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид