Жаҳон | 18:53 / 10.12.2025
879
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳукумати йил бошидан бери 85 мингта визани бекор қилди

2025 йил бошидан бери АҚШ турли тоифадаги 85 мингта визани бекор қилган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баравар кўп. Визаларнинг қарийб 50 фоизи ҳуқуқбузарлик содир этган шахслардан қайтариб олинган. Шунингдек, саккиз мингта талаба визасининг амал қилиши тўхтатилган.

АҚШ Давлат департаменти 2025 йил январидан бери 85 мингта виза бекор қилинганини тасдиқлади.

«Январдан бери 85 мингта виза бекор қилинди. Президент Трамп ва давлат котиби Рубио битта мақсад йўлида каракат қиляпти ва улар тўхташ ниятида эмас. Бу Американи яна хавфсиз қилиш», — дея ёзган АҚШ Ташқи ишлар идораси Х ижтимоий тармоғида.

Аввалроқ, CNN телеканали Давлат департаменти расмийсига таяниб, йил бошидан бери АҚШ турли тоифадаги 85 мингта визани бекор қилгани, бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баравар кўп экани ҳақида хабар берганди.

Телеканал маълумотига кўра, визаларнинг қарийб 50 фоизи ҳуқуқбузарлик содир этган шахслардан қайтариб олинган. Шунингдек, саккиз мингта талаба визаси бекор қилинган.

Мамлакатда виза сиёсатига оид янгиланишлар халқаро талабалар оқими ва бизнес сафарларига таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Виза бекор қилиш динамикаси юқори даражада сақланса, 2025 йилда умумий рақам рекорд кўрсаткичга етиш эҳтимоли бор.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид