Жаҳон | 16:17
861
3 дақиқада ўқилади

ЕК раҳбари Трампни Европа демократиясига аралашмасликка чақирди

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Трампнинг Европа цивилизацияси яқинда таназзулга юз тутиши ва Европадаги “заиф” раҳбарлар ҳақидаги сўзларини танқид қилди. У АҚШни ягона Европани биргаликда ҳимоя қилишга чақирди.

Фото: AFP

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен АҚШ президенти Доналд Трампнинг “Европа таназзули” ва уни “заиф” раҳбарлар бошқараётгани ҳақидаги баёнотларига жавоб берди. Трамп Европа демократиясига аралашмаслиги керак, деди у пайшанба, 11 декабр куни Брюсселдаги Politico-28 тадбирида, Оқ уй раҳбарининг Politico нашрига берган интервюсини шарҳлар экан.

“Сайловлар ҳақида гап кетганда, қайси давлатнинг раҳбари ким бўлишини биз ҳал қилмаймиз, балки ўша давлат халқининг ўзи ҳал қилади… Бу сайловчиларнинг суверен ҳуқуқидир ва уни ҳимоя қилиш керак”, — деб таъкидлади у. Фон дер Ляйен айтишича, унда АҚШ президентлари билан — ҳозир ҳам шу жумладан — “жуда яхши муносабатлар” бўлган. Бироқ у Европа ўзини бошқалар билан солиштиришдан кўра, ўзига эътибор қаратиши лозимлигини ҳам таъкидлади.

“Бутун қалбим билан мен трансатлантик ҳамкорликнинг қатъий тарафдориман. Аммо нима муҳим? Муҳими шуки… биз Европа Иттифоқи эканимиздан фахрланамиз, ўз кучли томонларимизни кўрамиз ва бизда бор чақириқлар билан кураша оламиз”, — дея фон дер Ляйеннинг сўзларини келтиради Politico. У АҚШни “ягона Европани ҳимоя қилишга” чақирган.

Бир неча кун олдин эълон қилинган АҚШнинг Миллий хавфсизлик стратегияси ҳақида фикр билдириб — унда келаси 20 йил ичида Европанинг “цивилизацион йўқ қилиниши” кутилаётгани айтилган — фон дер Ляйен “ҳеч ким бошқа аралашмаслиги керак”лигини таъкидлади. У Европа хорижий аралашувга қарши чоралар кўраётганини, жумладан сайловларга аралашувга қарши курашаётганини айтди.

10 декабр куни Politico нашрининг The Conversation подкасти махсус сонида чиққан интервюда АҚШ президенти Европани “чириб бораётган” давлатлар гуруҳи деб атади. “Менимча, улар заиф”, — деди Трамп қитъанинг президентлари ва бош вазирларини назарда тутиб. Шунингдек, у европалик раҳбарлар “нима қилишни билмайди”, деб даъво қилди.

АҚШ Миллий хавфсизлик стратегиясида Европанинг ўта ўнг партияларнинг таъсирини чеклаш бўйича саъй-ҳаракатлари танқид қилинади, ҳужжатда бу ҳаракатлар “сиёсий цензура” деб аталади. Трамп маъмурияти ЕИ мамлакатларида “жиддий муаммолар” борлигидан хавотир билдирди — ҳужжатда айтилишича, у ерларда ҳокимият сўз эркинлиги ва сиёсий мухолифатни бостираётган бўлиши мумкин.

Шунингдек, ҳужжатда Европа амалдорларида Украинадаги уруш натижалари бўйича “реалистик бўлмаган кутилмалар” борлиги айтилган. “Европаликларнинг аксарияти тинчликни истайди, аммо бу интилиш сиёсатда акс этмаяпти — кўп жиҳатдан, ҳукуматлар демократик жараённи издан чиқараётгани учун”, — дейилади ҳужжатда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид