Украина президенти Володимир Зеленский Харкив областининг Купянск шаҳрига кириш жойида ўрнатилган стела олдида туриб видеомурожаат йўллади. Ҳолбуки яқинда Россия президенти Владимир Путинга ушбу шаҳар эгаллангани тўғрисида ҳисобот берилганди. Шу кунларда украин ҳарбийлари Купянск ҳудудида муваффақиятли қарши ҳужум уюштирилгани ва россияликларнинг бу ердаги гуруҳи қуршаб олингани ҳақида хабар беришди.
Россия қўмондонлиги Купянск йўналишида муваффақиятга эришаётганини таъкидлашда давом этмоқда.
«Бугун – Купянск йўналиши, қайсики бизнинг жангчилар Украина учун натижаларга эришаётган жой. Купянск ҳақида россияликлар кўп гапиришди – биз эса кўриб турибмиз. Мен йигитларни табрикладим», – деган Зеленский ўз мурожаатида, президентнинг сўзлари фонида камида бир марта портлаш овози эшитилган.
Украинанинг «Хартия» корпуси хабариига кўра, сентябр ойида Купянскда вазият оғирлашганидан кейин, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский «Хартия» қидирув-зарбдор гуруҳини тузган.
Унинг таркибидан «Хартия» бригадаси, Украина қуролли кучларининг 92-штурм бригадасидан 475-штурм полки, Бош разведка бошқармаси таркибидаги Хорижий легион ҳамда 144-механизациялашган бригада ўрин олган, бу гуруҳ вазифаси Россиянинг Купянскка ёриб кирган гуруҳини йўқ қилиш бўлган.
«Хартия»дагиларнинг 12 декабр куни берган маълумотига кўра, гуруҳ Оскол дарёси бўйларига етиб бориб, дарёнинг ўнг соҳилидаги россияликларни таъминотдан узиб қўйган.
«Хартия» 2-корпуси қўмондони Игор Оболенский «Украинская правда» нашри билан суҳбатда бир неча ой муқаддам россияликлар Оскол дарёсидан ўтиб, Купянск ичкарисига 6 км масофага илгарилагани, натижада шаҳарда ва атрофдаги қишлоқлардаги вазият ўта танг ҳолатга тушганини айтиб берган.
Россияликлар қуршовда қолгани тўғрисидаги баёнот
Корпус маълумотига кўра, Украина кучлари Купянскдан шимолда жойлашган Кондрашовка қишлоғини, унинг атрофидаги ҳудудлар ва ўрмонзорни тўлиқ озод қилган. «Хартия» гуруҳининг 13-бригадаси эса Радковка қишлоғи ва унинг атрофидаги ҳудудлар озод этилгани, шунингдек, россияликлар Купянск шимолидаги кварталлардан ҳам сиқиб чиқарилгани ҳақида хабар берган.
Бундан ташқари, «Украинская правда»га кўра, украин қўшини россияликлар Купянскка киришда фойдаланган газ қувуридан чиқиш жойларини назорат остига олган. Ҳозирда россияликларда илғор бўлинмаларига фақат дронлар орқали таъминот етказиб бериш имконияти қолган.













