Жаҳон | 13:21 / 17.12.2025
3302
3 дақиқада ўқилади

Путин Байкал атрофида “санитар” мақсадда ўрмонларни кесишга рухсат берди

Экологлар ва олимлар огоҳлантиришича, ялпи кесиш имконияти кўлни муҳофаза қилишни заифлаштиради ва унинг соҳилларини қурилишга очиб беради, бу эса охир-оқибат Байкалнинг ноёб экотизимини вайрон қилади.

Фото: РИА Новости/Алексей Куденко

Россия президенти Владимир Путин Байкал кўли атрофидаги табиатни муҳофаза қилиш ҳудудида нобуд бўлган ўрмонларни ялпи кесишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бир неча кун олдин Давлат думаси ва Федерация кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжат сешанба, 16 декабр куни расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Янги қонун, агар аввал танлаб кесиш (селектив) ўтказилиб, ўрмон қоплами тикланишига олиб келмаган бўлса, ўрмонларни “санитар” мақсадда ялпи кесишга йўл қўяди. Бунда ялпи кесиш амалга ошириладиган ҳудудларни махсус комиссия рухсатидан кейин ҳукумат белгилайди. Комиссия таркибига Давлат думаси депутатлари, сенаторлар, президент маъмурияти ва ҳукумат вакиллари, ФСБ ҳамда Байкал ҳудудидаги икки минтақа — Иркутск вилояти ва Бурятиянинг олий мансабдор шахслари киради.

Бундан ташқари, янги меъёр Байкал атрофидаги ҳудудлар мақомини “табиатни муҳофаза қилиш ўрмонлари”дан “қурилишга яроқли ерлар”га ўзгартиришга ҳам йўл қўяди. Бу эса йўллар ва бошқа объектлар қурилиши учун йўл очади.

Байкал табиий ҳудудининг марказий экологик зонасида ялпи кесиш ҳақидаги қонунни қабул қилишга икки йил аввал ҳам уриниш бўлганди. 2023 йил июл ойида Давлат думаси қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган, бироқ шундан кейин кенг кўламли танқид тўлқини кузатилган.

Экологлар ва олимлар Байкалга катта зарар етиши ва амалдаги қонунлар бузилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Улар ялпи кесиш имконияти кўлни муҳофаза қилишни заифлаштиради ва унинг соҳилларида қурилиш авж олишига олиб келади, бу эса, охир-оқибат, Байкалнинг ноёб экотизимини йўқ қилади, деб ҳисоблайди.

Лойиҳа танқидчилари таъкидлашича, амалдаги қонунчилик ҳам Байкал атрофида нобуд бўлган ўрмонни кесишни тақиқламас эди — тақиқ фақат ёғочни олиб чиқиб кетишга қўйилган. “Бундай чеклов ўрмон саноати компанияларида қадимий ўрмонларни ёғочини сотиш учун кесишга қизиқиш бўлмаслиги учун ўйлаб топилган эди. Энди эса Давлат думаси уларга бундай имкониятни бермоқчи”, — дейилади декабр бошида эълон қилинган, Путинга йўлланган мурожаат муаллифлари баёнотида.

Байкал кўли ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган Россияда жойлашган 29 объектдан бири, шунингдек табиий мезонлар асосида рўйхатга киритилган 11 объектдан бири ҳисобланади. Бу рўйхатга, масалан, Коми ўрмонлари ва Камчатка вулқонлари ҳам киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид