Миллионлаган дунё муҳожирларини бағрига сиғдираётган Германия, дунёнинг учинчи иқтисодиёти ва энг кўп сўралган мавзу. Урушдан енгилган бу давлат қандай қилиб қисқа вақтда ҳаётини ўнглаб олди-ю, ғолиб совет иттифоқи парчаланиб кетди? Биз давлат ва фуқаро сифатида Олмониянинг қайси ижобий жиҳатларини ўзлаштиришимиз ва тарихнинг қандай хатоларидан хулоса чиқаришимиз керак? Берлин, Франкфурт, Мюнхен каби йирик шаҳарларга бориб ўрганилган таҳлиллар... SUBYEKTIV бу сафар Германияда. Бу саёҳат ҳақидаги кўрсатув эмас, балки реал воқеликларга асосланган икки қисмли ҳужжатли фильм.

УМИДСИЗ ГЕРМАНИЯ

Иккинчи жаҳон урушидан кейин бутунлай вайрон бўлган мамлакат. 60 миллиондан ортиқ аҳоли ишсиз, уларнинг ҳар учинчиси уйсиз ва келажакка ишончсиз. Одамларда Германия келажагига катта шубҳа бор эди. Бу давлат қисқа вақтда ўз иқтисодий мўъжизасини яратиб, дунёнинг учинчи бой давлатига айланишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтиролмасди. Ўша пайтлар эгасиз қолган, ўз тақдирини ўзи ҳал қила олмайдиган Германиянинг кейинги ҳукми бошқалар ихтиёрида қолди.

Потсдам. Дунёнинг янги геосиёсий ҳаёти Берлиндан унча узоқ бўлмаган бу мўъжаз шаҳардаги биргина келишув ортидан ўзгариб кетди. Уруш тугаганидан икки ой ўтиб, ғолиб иттифоқчилар Европанинг кейинги ярим асрлик тарихини белгилашди. Собиқ Иттифоқ, АҚШ ва Буюк Британия давлат раҳбарлари қатнашган Потсдам конференциясида Германия ва Берлин шаҳри тўртта ҳудудга бўлиб олинди.

Шу билан Потсдам битими Германия устидан ғалабадан кейинги Европа харитасини қайта чизган, бир вақтнинг ўзида “совуқ уруш” бошланишининг рамзига айланган келишув ҳам эди. Кейинчалик АҚШ, Буюк Британия, Франция секторлари бирлашиб, улардан Федерал Германия Республикаси, собиқ иттифоқ қўлловидаги Шарқий давлатдан Германия Демократик Республикаси ташкил топди.

Урушдан кейин ҳар икки тарафда заводлар вайрон, инфляция юқори, ишсизлик кучли, озиқ-овқат танқис, иқтисодий тизим издан чиққан. Ғарбда АҚШ молиявий қўлловидаги Маршалл ёрдами билан бозор иқтисодиётига ўтилди. Хусусий мулк ва рақобат юзага келди, технологик инвестициялар ва экспортга йўналтирилган саноат йўлга қўйилди.

Совет модели остидаги Шарқий Германияда эса давлат Москванинг қош-қовоғига қараган режали иқтисодда қолди. Инновация паст, меҳнатга лаёқатли аҳоли – врачлар, муҳандис, олим, малакали ишчилар Ғарбга қочишга тушишди. Булар ҳам камдек, 1950 йилда қўрқинчли,худди КГБдек Штази хизмати ташкил топди. Шарқий Германиянинг қора сояси сифатида эсланадиган бу махфий полиция қисқа вақт ичида Европадаги энг даҳшатли махсус хизматга айланди. Унинг вазифаси ўз халқига шубҳа кўзи билан қараш, ҳар бир нафасни назорат қилиш, инсонларни бир-бирига қарши қайрашдан иборат эди.