Ўзбекистон | 13:52
11027
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди

«Кетгим келмаяпти онажон», «Келинчак» каби қўшиқлари билан танилган ҳофиз бир неча йилдан буён тўшакка михланиб қолганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

27 декабр куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшида вафот этди.

Шоир Шаҳриёр Шавкат фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, у сўнгги йилларда оғир касалликка чалинганди.

Хонанда бир неча йил олдин коронавирус асоратлари билан оғриган ва шифокор қабулига борган, унга «грижа» ташхиси қўйилган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Аммо муолажадан кейин ҳам унда муаммо давом этган.

Шундан кейин бошқа шифокорга учраганида, ташхис чурра эмас, шунчаки шамоллаш бўлгани, аввалги шифокорлар операцияда Раҳматилло Юсуповнинг нерв томирларни «билиб-билмай, тушуниб-тушунмай кесиб қўйгани» ойдинлашган.

Фото: Shahriyor Shavkat / Facebook

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо уни Тошкентга кучли мутахассис кўригига олиб келган. Аммо бир неча кунлик текширувдан кейин энди кеч бўлгани, тузатишнинг иложи йўқлиги айтилган.

Раҳматилло Юсупов 1981 йил 15 сентябр куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида дунёга келганди.

Болалигидан марҳум санъаткор Охунжон Мадалиевга шогирд тушган, кейинроқ услуби ва имижи туфайли уни «иккинчи Охунжон Мадалиев» деб ҳам аташган.

100 дан ортиқ қўшиқлар муаллифи бўлган хонанда «Кетгим келмаяпти онажон» (Карим Баҳриев шеъри), «Келинчак» (Иқбол Мирзо шеъри) каби қўшиқлари билан халқ орасида машҳур бўлган.

Унинг икки қиз фарзанди етим қолди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев