Иқтисодиёт | 15:53
397
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Сурия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Икки томонлама музокаралар давомида Ўзбекистон ва Сурия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларига Сурия бозорида қизиқиш юқори экани қайд этилди.

Фото: Савдо-саноат палатаси

Жорий йил 28 декабр куни Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов Дамашқ шаҳрига ташриф буюрди, дея хабар берди ССП матбуот хизмати.

Ташриф доирасида Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Ала Омар ал-Али ҳамда бош директори Муҳаммад Омир ал-Ҳомисий билан учрашув бўлиб ўтган.

Маълумот учун, Сурия Савдо палаталари федерацияси — Суриядаги барча ҳудудлардаги савдо палаталарини бирлаштирувчи марказий ташкилот ҳисобланади. У хусусий сектор манфаатларини давлат даражасида ифодалайди. Бугунги кунда федерация Дамашқ, Алеппо, Хомс, Ҳама, Латакия ва бошқа минтақалар савдо палаталари ҳамда минглаб хусусий компания ва тадбиркорларни ўзида бирлаштирган.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Сурия ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Сурия томони мамлакат узоқ йиллик нотинчликдан сўнг очиқ иқтисодий сиёсатга қайтиб, инвестиция ва саноатни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон маҳсулотларига, хусусан электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларига Сурия бозорида қизиқиш юқори экани қайд этилди.

Томонлар икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон тадбиркорлари келаси йилда Дамашқда ўтказиладиган «Damascus International Fair–63» халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф этилди.

Шунингдек, 2026 йилнинг биринчи чорагида Суриянинг йирик тадбиркорларидан иборат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, бизнес-форум ва B2B учрашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 25 ноябр куни Самарқанд вилояти халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент Шавкат Мирзиёев келгуси йил бошидан Савдо-саноат палатасининг Ироқда 3 нафар, Сурияда 2 нафар савдо маслаҳатчилари иш бошлашини қайд этганди.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид