“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш бўйича мақсадлар кўзда тутилган. Жумладан, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш ҳамда судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш вазифаси ҳам қайд этилган. Ушбу йўналишда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш белгиланган.

Бундан ташқари, фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида янги интерактив хизматлар сонини 21 тага етказиш режалаштирилмоқда.

Стратегия лойиҳасида суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш орқали аёл судялар улушини камида 30 фоизга етказиш вазифаси ҳам назарда тутилган.