Жаҳон | 13:58 / 06.01.2026
1286
3 дақиқада ўқилади

Россияда умрбод қамоқ жазосига ҳукмлар сони 2005 йилдан бери энг юқори даражага чиқди

2025 йил январ–ноябр ойларида Россия судлари 100 та умрбод озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарган. Бу камида 2005 йилдан бери рекорд: ўшанда бундай жазо 84 кишига тайинланган эди.

Фото: Артем Геодакян / ТАСС

2025 йил январ–ноябр ойларида Россия судлари 100 та умрбод қамоқ ҳукмини чиқарган. Бу ҳақда ТАСС давлат агентлиги мамлакат Олий суди матбуот хизматига таяниб хабар берди. Бу — сўнгги йилларда умрбод жазолар сони бўйича энг юқори кўрсаткич.

Аввалги рекорд 2005 ва 2012 йилларда қайд этилган: ҳар икки йилда ҳам 84 тадан шундай жазо тайинланган. 2020 йилда судлар 66 та умрбод ҳукм чиқарган, 2021 йилда — 47 та, 2022 йилда — 58 та, 2023 йилда — 78 та, 2024 йилда — 79 та. Умуман олганда, 2005–2024 йиллар орасида 1316 нафар эркак умрбод жазога ҳукм қилинган. Россияда аёлларга, вояга етмаганларга ва пенсионерларга бундай жазо тайинланмайди.

ТАСС Россия Олий судининг 2025 йилда умрбод ҳукмлар нега кескин кўпайганига доир изоҳларини келтирмади. Бироқ агентлик қайд этишича, охирги йилларда бундай жазо Россия Жиноят кодексининг бир нечта моддаларига қўшилган. Улар қаторида — давлатга хиёнат, терактни ташкил этиш ёки уни содир этишга жалб қилиш ҳам бор.

Россияда давлатга хиёнат (ЖК 275-модда) ва жосуслик (ЖК 276-модда) бўйича чиқарилган ҳукмлар сони 2025 йилда 1997 йилдан — яъни РФ Жиноят кодекси амал қила бошлаганидан бери — энг юқори даражага чиққан. Parubets Analytics маркази “Биринчи бўлим” ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси учун тайёрлаган тадқиқотда қайд этилишича, январдан бошлаб бу айбловлар бўйича 468 нафар киши судланган.

Статистикада чет элликлар билан махфий ҳамкорлик қилиш (ЖК 275.1-модда) ва душманга ёрдам бериш (ЖК 276.1-модда) ишлари ҳам инобатга олинган. Ушбу тўрт модда бўйича аллақачон ҳукм қилинганлардан ташқари, камида яна 420 киши тергов остида. Уларнинг 179 нафари иш материаллари судларга юборилган. 2025 йилда бундай ишлар бўйича оқлов ҳукмлари чиқарилмаган.

“Жосуслик” ишларида айбланаётганларнинг энг катта гуруҳини сиёсий фаолиятга алоқаси бўлмаган Россия фуқаролари ташкил этади: талабалар, IT-мутахассислар, ўқитувчилар, корхона ходимлари ва тадбиркорлар. Иккинчи ўринда — Украина фуқаролари, асосан аннексия қилинган ҳудудларда яшовчилар. Кейин эса урушга қарши ва жамоатчилик фаоллари ҳамда академик жамоа вакиллари келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид