Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Маълум қилинишича, Жиззах шаҳар солиқ инспекцияси давлат солиқ бош инспектори Х.Ш. якка тартибдаги тадбиркор T.M.нинг амалдаги 1,4 млн сўмлик солиқ қарздорлигини гўёки 17 млн сўм деб кўрсатган.

У тадбиркорга ушбу қарздорликни тўламаса, бу ҳақда тегишли идораларга маълум қилишини айтган.

Шундан сўнг инспектор 9 млн сўм эвазига қарздорликни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали «йўқ қилиб бериш»ни ваъда қилгани қайд этилган.

Департамент маълумотига кўра, солиқ инспектори сўралган пулнинг 2 млн сўмини фирибгарлик йўли билан аввал олган.

У қолган 7 млн сўмни Жиззах шаҳар солиқ инспекцияси биноси олдида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.