Жаҳон | 09:20 / 07.01.2026
3796
4 дақиқада ўқилади

Россия Венесуэланинг вақтинчалик президентини қўллаб-қувватлади

Венесуэланинг собиқ вице-президенти Делси Родригес 5 январ куни давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида қасамёд қилди. РФ ТИВ Москва Венесуэла халқи ва ҳукумати билан “ўзгармас ҳамжиҳатлик”да эканини билдирди.

Фото: Tian Rui/Presidency of Venezuela/Xinhua/IMAGO

Россия АҚШ ҳарбийлари томонидан Венесуэланинг собиқ давлат раҳбари Николас Мадуро қўлга олинганидан кейин мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган собиқ вице-президент Делси Родригесни қўллаб-қувватлашини билдирди. “Россиянинг Венесуэла халқи ва ҳукумати билан ўзгармас ҳамжиҳатлигини тасдиқлаймиз. <...> Ўз навбатида, бизга дўст бўлган Венесуэлага зарур кўмакни кўрсатишни давом эттиришга тайёр эканимизни билдирамиз”, — дейилади РФ Ташқи ишлар вазирлигининг сешанба, 6 январ куни ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотида. Ҳужжатда, шунингдек, Венесуэлага “ҳеч қандай вайронкор ташқи аралашувсиз, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи кафолатланиши шарт” экани айтилган ва “юзага келган вазиятни деэскалация қилиш”га чақириқ бор.

Родригес 5 январ куни парламент (Миллий ассамблея) олдида қасамёд қилган. РФ ТИВнинг фикрича, бу қадам Венесуэла ҳукуматининг “ҳокимият вертикалини” сақлаб қолиш, “конституцион инқироз хавфларини бартараф этиш” ва “ташқаридан бўлаётган очиқдан очиқ неоколониал таҳдидлар ҳамда қуролли тажовуз” шароитида мамлакат тараққиёти учун шароит яратиш борасидаги қатъиятини намоён этади.

Бу — Мадуро қўлга олинганидан бери Россия ТИВнинг Венесуэладаги вазият ҳақидаги тўртинчи баёноти. Илгариги уч баёнот 3 январ куни — АҚШ ҳарбий операцияси куни эълон қилинган эди. Ўшанда Россия расмийлари Америка томони “Боливар Республикасига қарши қуролли тажовуз ҳаракатини амалга оширди”, деб билдирган. Шу куни чиққан иккинчи ва учинчи баёнотларда эса ТИВ Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флореснинг қўлга олиниши бўйича “дарҳол ойдинлик киритиш”ни, кейин эса уларни озод қилишни талаб этган.

Бундан ташқари, 3 январ куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Делси Родригес билан телефон орқали суҳбат ўтказган. Жумладан, у “қуролли тажовузга дуч келган Венесуэла халқи билан қатъий ҳамжиҳатлик”ни билдирган.

3 январ куни “Мутлақ қатъият” номли ҳарбий операция доирасида Николас Мадуро ва унинг турмуш ўртоғи Силия Флорес АҚШ махсус кучларининг “Делта” бўлинмаси томонидан қўлга олинган ва Венесуэладан олиб чиқиб кетилган: аввал АҚШ Денгиз кучларининг Гуантанамо базасига, кейин эса Ню-Йоркка. У ерда 5 январ куни унинг иштирокида илк суд мажлиси бўлиб ўтган.

АҚШ ҳокимияти Мадурога “наркотерроризм”, қурол сақлаш ва дипломатик паспортларни сотиш бўйича расмий айбловлар қўйган. Хусусан, сиёсатчи Cartel de los Soles жиноий гуруҳини бошқарганликда айбланмоқда (бу гуруҳ АҚШда аввалроқ террористик деб эълон қилинган), шунингдек, у рафиқаси, ўғли ва ҳамкорлари билан бирга кокаин ишлаб чиқариш ва ташиш билан шуғулланувчи Колумбия гуруҳлари билан тил бириктирганликда ҳам айбланади. Мадуро бу айбловларни рад этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид