Жаҳон | 10:57 / 08.01.2026
1154
3 дақиқада ўқилади

Париж ва Амстердамда қор сабаб юзлаб авиарейслар бекор қилинди

Парижда 7 январ эрталаб 140 та авиарейс бекор қилинди, Амстердамда эса — 700 тадан ортиқ, бу кўрсаткич яна ошиши мумкин. Франция ва Нидерландиянинг кўп ҳудудларида кучли қор ёғиши сабаб ерусти транспорти иши издан чиққан.

Фото: Фото: Xavier Francolon/SIPA

Париж ва Амстердам аэропортларида экстремал қор ёғиши, кучли шамол ва ҳаво ҳарорати фонида юзлаб рейслар бекор қилинди. Амстердамдаги Схипхол аэропортида 7 январ, чоршанба куни 700 тадан ортиқ рейс бекор қилинган, улар сони яна кўпайиши мумкин. “Қишки хизматимиз имкон қадар кўпроқ парвозларни амалга ошириш учун сутка давомида тинимсиз ишлаяпти”, — деди аэропорт раҳбарияти.

Амстердамда кўплаб авиарейслар олдинги кунларнинг ўзидаёқ бекор қилингани сабаб, Схипхолда 1000 тадан ортиқ одам тунни аэропортда ўтказишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, Нидерландияда темирйўл қатнови қисман ишдан чиққан. Миллий ташувчи компания Nederlandse Spoorwegen йўловчиларни шошилинч бўлмаган сафарлардан воз кечишга чақирди.

Бутун мамлакат бўйлаб йўлларда умумий узунлиги 700 кмдан ортиқ тирбандликлар ҳосил бўлди — бу 1999 йилдан бери чоршанба куни учун энг юқори кўрсаткич. Нидерландияда 2 январ куни бошланган қор ёғиши сўнгги 4 йилдаги энг узоқ давом этгани бўлди.

Шу билан бирга, Париждаги Орли ва Шарл де Голл номидаги аэропортларда 7 январ эрталаб учиш-қўниш йўлаклари ва самолётларнинг музлаши сабаб тахминан 140 та рейс бекор қилинди. AFP ёзишича, Парижда ерусти жамоат транспорти иши тўхтатилган, кўплаб муниципалитетларда мактаб автобуслари қатнови бекор қилинган. Париж ва атроф-ҳудудларда тирбандликлар соатида йўллардаги умумий тирбандлик узунлиги 600 кмга етган. RATP Париж транспорт компанияси аҳолини имконият бўлса уйдан ишлашга чақирди.

Франциянинг 101 департаментидан 38 тасида хавф-хатарнинг аҳамияти бўйича иккинчи даражали огоҳлантириш режими жорий этилди. Метеорологик хизмат маълумотларига кўра, мамлакатнинг шимоли ва ғарбида 3 смдан 7 смгача қор ёғган, Арденн ҳудудида — 15 смгача, ғарбдаги айрим ҳудудларда эса — 30 смгача қор тушган. Бу мазкур ҳудудлар учун ўта юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Франция шарқидаги Мут шаҳрида сўнгги икки кунда ҳаво ҳарорати Целсий бўйича -22 даражагача тушган, бутун мамлакат бўйлаб ўртача ҳарорат -4 даражагача пасайган — бу 2012 йилдан бери энг паст кўрсаткич, деб хабар берди Франция метеохизмати. Сўнгги кунларда Францияда ноқулай об-ҳаво билан боғлиқ ЙТҲ оқибатида беш киши ҳалок бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид