Жаҳон | 08:26 / 09.01.2026
2894
2 дақиқада ўқилади

Россия армияси тунда Киев ва Лвивга ҳужум қилди: ҳалок бўлганлар бор

Киевда дрон зарбалари оқибатида кўп қаватли турар жой уйлари шикастланди. Камида 4 киши ҳалок бўлди. Лвив вилоятида эса РФ армияси, тахминларга кўра, газ конига зарба бериш учун “Орешник”дан фойдаланган.

Фото: State Emergency Service of Ukraine/REUTERS

Россия Федерацияси Қуролли кучлари жумага ўтар кечаси, 9 январ куни Киевни дронлар билан оммавий равишда ҳужумга тутди. Ҳозирча камида тўрт киши ҳалок бўлгани ва 19 киши яралангани маълум. Киев мэри Виталий Кличконинг билдиришича, ҳалок бўлганлар орасида шифокор ҳам бор: у Дарница туманига чақирув бўйича келган пайтда, ўша ерда дрон кўп қаватли турар жой биносига урилган.

Украина пойтахтининг Днипровский туманида ҳам зарбалардан бири кўп қаватли уйга берилган. Деснянский туманида савдо маркази ҳудудида ёнғин қайд этилган. Печерский туманида 24 қаватли нотурар жой биноси шикастланган.

Кличконинг сўзларига кўра, муҳим инфратузилма объектларига етказилган зарар туфайли шаҳарда электр таъминоти ва сув таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Лвив вилоятида Россия зарбаси оқибатида муҳим инфратузилма объекти зарар кўрганини вилоят ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раҳбари Максим Козицкий маълум қилди. Украина ОАВ маълумотларига кўра, Россия армиясининг нишонларидан бири Стрий газ кони, шунингдек ерости газ омбори бўлиши мумкин.

Ҳужумдан бир неча соат олдин мониторинг каналлари Россиянинг “Капустин Яр” полигони ҳудудида “ғайриоддий фаоллик” ҳақида хабар қилган эди. Ўша ердан 2024 йил ноябрида Днипро шаҳрига “Орешник” баллистик гипертовушли ракета комплекси билан зарба берилган.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучларида эса Лвивга учирилган ракета соатига 13 минг километр тезликда ҳаракатлангани айтилди. “Орешник” қўллангани ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ. Ракетанинг тури унинг барча элементлари ўрганиб чиқилгандан кейин аниқланади, дея билдирилди Ҳаво кучларида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид