Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада Россия ҳарбийси асирлар ўлими учун умрбод қамоққа ҳукм қилинди
Харкив шаҳридаги суд Волчанскда украин ҳарбий асирларини ўлдирганликда айбланган Россия ҳарбий хизматчиси Сергей Тужиловни умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Бу шунга ўхшаш иш бўйича чиқарилган иккинчи ҳукм ҳисобланади.
Харкив шаҳридаги суд Россия ҳарбий хизматчиси Сергей Тужиловга нисбатан чиқарилган ҳукмни эълон қилди. У 2024 йил ёзида Волчанск шаҳридаги агрегат заводи ҳудудида украин ҳарбий асирини ўлдирганликда айбланган. 13 январ, сешанба куни суд ҳайъати уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб хабар берди DW мухбири суд залидан.
“Айблов адолатли, — деди у. — Мен бу ишни ҳақиқатан ҳам қилдим. Бунинг учун пушаймонман. Бунга чин дилдан иқрор бўлдим. Шунинг учун мендан тўлиқ жазо, яъни умрбод қамоқ талаб қилинмаслигини сўрайман. Қурбонлар қариндошларидан қилган ишим учун узр сўрайман”.
Айбланувчи ҳукм устидан бир ой ичида шикоят бериш ҳуқуқига эга.
37 ёшли Сергей Тужилов, махсус чақирув номи — “Алтай”, Россия Қуролли кучларининг 69-мотоўқчилар дивизияси таркибидаги 82-мотоўқчи полкнинг гранатомёт бўлинмаси қўмондони бўлган. У 2024 йил сентябрда Харкив вилоятидаги Волчанск шаҳрида украин ҳарбийлари томонидан асир олинган. Бир йил ўтиб, тергов унга ҳарбий асирларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ва қасддан одам ўлдириш бўйича айблов эълон қилди.
Тергов маълумотларига кўра, 2024 йил ёзида Россия ҳарбийларининг Харкив вилоятига ҳужуми вақтида Тужилов ва бошқа россиялик ҳарбийлар Волчанск агрегат заводи ҳудудини эгаллаб олган. Айбловга кўра, улар шу ерда уч нафар украин асирини ўлдирган.
Украина Бош прокуратураси идораси сайтида келтирилишича, асирлардан бирини Тужилов бошқа ҳарбийга отиб ташлашни таклиф қилган, отиб ташлаш жойи — завод ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктини танлаган ва қотиллик вақтида вазиятни назорат қилган. Кейинроқ қўлга тушган яна икки нафар Украина ҳарбий асири завод ҳудудига олиб келинган ва сўроқдан сўнг РФ Қуролли кучлари қўмондонлиги уларни ўлдириш буйруғини берган.
“Шундан кейин Тужилов бошқа ҳарбий билан отиш режасини олдиндан келишиб олган ҳолда, жиноятда шахсан иштирок этган. Уларнинг ҳар бири асирларнинг бошига биттадан ўқ узган”, — дейилади хабарда.
Қурбонларнинг жасадлари ҳалигача топилмаган — улар завод ҳудудида бўлиши мумкин, аммо бу ҳудудга украин томони кириш имкониятига эга эмас, деб DW’га маълум қилди прокурор Никита Далека.
Суд жараёни 2025 йил ёзида бошланган ва аввал ёпиқ тарзда ўтказилган. Ўша йил охирида давлат айбловчиси Тужилов учун умрбод қамоқ жазосини сўраган, ҳимоя томони эса 15 йиллик жазо беришни талаб қилган.
Бу иш бўйича жабрланувчи деб олти нафар шахс — ҳалок бўлган ҳарбийларнинг хотинлари, фарзандлари ва ота-онаси тан олинган. Суд фуқаровий даъво доирасида айбланувчидан ҳар бир жабрланувчи фойдасига 2 миллион гривнадан ундириш ҳақида қарор чиқарган.
Сергей Тужилов украин ҳарбий асирини ўлдирганликда айбланиб, судланган иккинчи россиялик ҳарбий бўлди. Бундай биринчи ҳукм 2025 йил ноябрда Запорижжя шаҳридаги суд томонидан чиқарилган.
Ўшанда Россия ҳарбийси Дмитрий Курашов ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У 2024 йил январ ойида Запорижжя вилоятида Украина Қуролли кучлари позицияларига ҳужум вақтида асирни ўлдирганликда айбланган.
Мавзуга оид
20:34
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
20:04
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
18:06
Россияда мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш муддати қисқартирилади
10:25