Венесуэлада ҳокимият узоқ йиллардан бери сиёсий ва ҳарбий амалдорлардан иборат кичик, бироқ ниҳоятда қудратли гуруҳ томонидан назорат қилинади. Улар кенг тармоқли, ўзига содиқ хавфсизлик идоралари томонидан қўллаб-қувватланади. Бу тизим АҚШ Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳокимиятдан ағдарганидан кейин ҳам сақланиб қолди.
АҚШ ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мадуронинг ўзи Нью-Йоркда наркотерроризм айбловлари билан ҳибсда сақланмоқда. Унинг ўрнига вориси вақтинчалик раҳбар сифатида қасамёд қилди.
Хўш, бугун Венесуэладаги энг қудратли шахслар кимлар? Бошқа мамлакат келажагини белгилаётган АҚШ амалдорлари-чи, улар кимлар? Reuters нашри ушбу шахсларнинг ҳар бирига тўхталиб ўтди.
Венесуэладаги сиёсий доиралар
Делси Родригес – Венесуэланинг вақтинчалик президенти. У Мадуронинг собиқ вице-президенти бўлган, ҳозир эса АҚШ назорати остида мамлакатни бошқармоқда.

Делси хоним тажрибали ҳуқуқшунос ва узоқ йиллик партия амалдори. Вице-президент, нефть ва молия вазири бўлган пайтда тўплаган иқтисодий қудрати учун кинояли тарзда «орқа фондаги ҳукмдор аёл» (царина) деб аталади. У Мадуронинг ҳукуматида ишлагани учун расмий санкциялар остида, бироқ ҳозирча АҚШ ишончини қозонган. АҚШ нефть компаниялари назарида эса мамлакатнинг емирилган энергетика инфратузилмасини тиклашда энг қулай ҳамкор ҳисобланади.
Хорхе Родригес – Миллий Ассамблея раиси, амалдаги бошқарувчи Делси Родригеснинг укаси. У Венесуэла парламентига раҳбарлик қилади, у ерда эса ҳукмрон социалистик партия мутлақ устунликка эга.











