Жаҳон | 12:10
1259
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина энергетикасида фавқулодда ҳолат режими жорий этилишини маълум қилди

Россия ҳужумлари давом этаётгани фонида Украина энергетика тизимида фавқулодда ҳолат (ФҲ) режими киритилади. Президент Володимир Зеленскийнинг айтишича, оқибатлар оғир, Киевда эса вазият уруш бошланганидан бери энг мураккаб: шаҳарда 400 та кўп қаватли уй иссиқликсиз қолган.

Фото: Yuliia Ovsiannikova/Avalon/IMAGO

Россиянинг давом этаётган ҳужумлари фонида Украина энергетикасида фавқулодда ҳолат режими жорий этилади. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 14 январ, чоршанба куни Telegram’да хабар қилди. У шу куни энергетикадаги фавқулодда ҳолатлар мавзусида ўтказилган йиғилиш якунларини келтирар экан, шундай деди: “Россия зарбалари оқибатлари ва об-ҳаво шароитининг ёмонлашуви — оғир. Таъмирлаш бригадалари, энергетика компаниялари, коммунал хизматлар электр ва иссиқлик таъминотини тиклаш учун сутка давомида ишламоқда”.

Зеленский сўзларига кўра, учрашувда Киевдаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, шаҳардаги ҳолатни мувофиқлаштириш учун “доимий ишлайдиган” штаб тузишга қарор қилинган.

Зеленскийнинг маълум қилишича, Украина ҳукумати “зарур ускуналар ва қўшимча қўллаб-қувватловни олиш учун” ҳамкорлар билан ишни энг юқори даражада фаоллаштиради. Шу билан бирга, Украинада захира энергетика ускуналарини тармоққа улаш жараёнларининг барчаси бўйича дерегуляция (талаб ва тартибларни соддалаштириш) ўтказилади.

“Украинага электр энергияси импорти ҳажмини сезиларли ошириш устида ҳам ишлаяпмиз”, — дея қўшимча қилди президент.

Зеленский таъкидлашича, ҳукумат жуда совуқ об-ҳаво даврида комендантлик соати қоидаларини ҳам қайта кўриб чиқиши керак бўлади.

Шу куни, 14 январда Киев шаҳар мэри Виталий Кличко Telegram’да пойтахтдаги вазият “жуда оғир” эканини билдирган: “Бундай кўлам — урушнинг 4 йили давомида биринчи марта”.

Унинг маълумотларига кўра, ҳозирда Киевда тахминан 400 та кўп қаватли турар жой биноси иссиқликсиз қолмоқда. Бу уйларнинг бир қисмига шаҳар ҳокимияти 14 январ кечқурунгача иссиқлик беришни режалаштирганди. 9 январ куни Украина пойтахтига қилинган ҳужумдан кейин 6000 та уй иссиқлик таъминотисиз қолган эди.

“Ўнг соҳилда иссиқлик билан боғлиқ вазият анча барқарорлашган. Қийинроғи — шаҳарнинг чап соҳилида”, — деди Кличко. Унинг айтишича, ҳозир Киевда электр узилишларининг соатбай жадвали амал қилмаяпти, шаҳар фавқулодда узилиш графиклари бўйича яшамоқда.

Кличко DTEK компанияси маълумотларига таяниб, шаҳар аҳолиси “ҳозир тахминан уч соат ёруғлик билан, ўн соатгача, айрим жойларда эса ундан ҳам кўпроқ — ёруғликсиз” қолишини айтган. Унинг огоҳлантиришича, авариявий ўчиришлар давом этади.

Аввалроқ Украина энергетика вазири этиб тайинланган Денис Шмихал Киев ҳокимиятини танқид қилиб, шаҳар қишга “умуман тайёр бўлмагани”ни айтган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид