Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда автомат ўқларини сотишга уринган собиқ ҳарбий қўлга олинди
У 22 дона жанговар патронни 1 300 долларга пуллашга уринган.
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жанговар ўқ-дориларни ноқонуний равишда пуллашга уринган эркак ушланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи 5,45 мм калибрли 22 дона жанговар патронни 1 300 долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ушланган шахс муқаддам Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида портлатувчи ҳайдовчи бўлиб ишлагани маълум бўлган. У ўқ-дориларни аввал ўзи билан бирга хизмат қилган ҳарбийдан 10 миллион сўмга сотиб олганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми (Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки портлаш қурилмаларини ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур модда бўйича айбдор деб топилган шахслар 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.