Доналд Трамп АҚШ Гренландияни «қандай бўлмасин» қўлга киритиши кераклигини муттасил равишда такрорлаб келади. Бундай агрессив ёндашув оролни Россия ёки Хитой томонидан эгаллаб олинишининг олдини олиш сифатида оқланяпти. Ушбу контекстдаги энг муҳим инструмент – пул билан боғлиқ. Гренландия аҳолиси – атиги 57 минг кишини ташкил этади ва орол кўп жиҳатдан Копенҳагендан келадиган субсидияларга қарам бўлиб қолган. Вашингтоннинг йирик инвестициялари Гренландия аҳолиси учун жозибали бўлиб кўриниши ҳам мумкин. Дастлаб Трамп оролнинг ҳар бир фуқаросига АҚШга қўшилиши учун 100 минг долларгача пул тўламоқчилиги ҳақида хабарлар чиқди. Аммо, бу таклиф маҳаллий аҳолини қизиқтира олгани йўқ. Вашингтондагилар ставкани янада оширишмоқчи.

Гренландиянинг нархи қанча?

Олимлар ва собиқ АҚШ расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра Гренландияни сотиб олиш Қўшма Штатларга 700 млрд долларга тушиши мумкин. Трамп давлат котиби Марко Рубиога яқин ҳафталар ичида оролни харид қилиш бўйича таклиф тайёрлашни буюрган. Таққослаш учун, америкаликлар 1803 йилда Луизианани Франциядан 15 млн долларга, 1867 йилда Аляскани Россиядан 7,2 млн долларга сотиб олишганди.

АҚШ аввал ҳам Гренландияни сотиб олиш масаласини кўриб чиққан ва 1946 йилда 100 млн доллар (бугунги ҳисобда қарийб 1,7 мрлд доллар) миқдорида расмий таклиф билдирган. Дания бу таклифни рад этган. Ўша пайтда бу сумма АҚШ ялпи ички маҳсулотининг 0,04 фоизига тенг бўлган. Ҳозирда шундай нисбат тахминан 1,2 млрд долларга тўғри келади.

Кўплаб таҳлилчилар Гренландиянинг ҳақиқий қиймати анча юқори деб ҳисоблайди. «Бир неча триллион доллар атрофидаги нарх мантиқан тўғри бўлади», дейди American Action Forum таҳлил маркази президенти Дуглас Ҳолтс-Икин. Унинг жамоаси Гренландиянинг тахминий қийматини ҳисоблашда табиий ресурс захиралари ҳамда кўчмас мулк сифатидаги потенциалини инобатга олган. 2025 йил январда эълон қилинган ва АҚШ, Дания ҳамда Гренландиядаги геологик тадқиқотлар маълумотларига таянган тадқиқотга кўра, оролда аниқланган муҳим минераллар ва энергетика ресурсларининг умумий қиймати 4,4 трлн доллардан ошади. Агар 2021 йилда экологик сабаблар билан қидирув лицензиялари бериш тўхтатилган нефть ва табиий газ конларини ҳисобдан чиқарса, бу кўрсаткич 2,7 трлн долларгача камаяди. Аммо, оролда инсон ресурсларининг етишмаслиги ва ўта совуқ иқлим сабаб захиралардан тўлиқ фойдаланиш имконияти паст.