Ўзбекистон | 13:42
405
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарини қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этмоқда

Қозоғистоннинг Ulysmedia.kz нашрида Ўзбекистонда тўқимачилик корхоналарини халқаро савдода қўллаб-қувватлаш ва глобал таъминот занжирларида иштирокини кенгайтиришга қаратилган янги дастур ҳақида мақола эълон қилинди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди. 

Қозоғистон нашри ёзишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тўқимачилик корхоналарини халқаро бозорда қўллаб-қувватлашга қаратилган фармонни имзолаган. Ҳужжатда корхоналарни иқтисодий-молиявий ҳолатидан келиб чиқиб уч тоифага ажратиш ва ҳар бир тоифа учун манзилли ёрдам чораларини жорий этиш назарда тутилган.
 
Фармонга мувофиқ, тўқимачилик корхоналарига тижорат банклари орқали 2 миллион АҚШ долларигача кредит ажратиш механизми белгиланган. Бунда корхона томонидан харид қилинган ва тўловлари тўлиқ амалга оширилган ёки ўзи етиштирган хомашё гаров сифатида қабул қилиниб, кредитлар Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ресурслари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. 

Шунингдек:

  • соғломлаштириш имконияти мавжуд деб топилган корхоналарнинг аввал олган тижорат кредитлари муддатини 7 йилгача узайтириш чораси белгиланган; 
  • пахта хомашёси хариди учун жалб қилинган кредитлар бўйича 2026–2027 йилларда тўлов графигидаги айрим тўловларни белгиланган тартибда кейинги ойларга тақсимлаш имконияти назарда тутилган; 
  • 2026 йил 1 январдан енгил саноат корхоналарида қуввати 5 МВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия қурилмаларидан олинган электр энергиясининг корхона эҳтиёжидан ортган қисмини сотиш тизимини жорий этиш кўзда тутилган; 
  • пахта тайёрлаш пунктлари учун айрим солиқлар бўйича имтиёзлар, шунингдек тижорат банклари балансидаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулкларини инвесторларга реализация қилишда ҚҚС бўйича енгилликлар каби чоралар белгиланган. 

Мақолада қайд этилишича, белгиланган чора-тадбирлар тўқимачилик корхоналарини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорда фаолликни ошириш ва таъминот занжирларига интеграцияни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид