Сурияда Рожава номи билан танилган курдлар мухторияти тугатилди. У қарийб 14 йил мобайнида мавжуд бўлиб, Башар Асад режими, суриялик ишидчилар ҳамда турклар ҳомийлигидаги «прокси» кучларнинг ҳужумларига бардош бериб келганди. Улар ИШИД устидан ғалаба қозонган – ва «демократик конфедерализм» намунасига айланганди. Аҳмад аш-Шаръа раҳбарлигидаги кучлар Асад ҳокимиятини ағдаргач, Рожава ташқи қўлловдан, биринчи навбатда Америка ёрдамидан маҳрум бўлди. Суриянинг янги режими бир йил мобайнида куч тўплади ва январ ойида қатъий ҳужумга ўтди. Мухторият икки ҳафта қаршилик кўрсатди ва кейин амалда тўлиқ таслим бўлди.

Рожавани курдлар мухторияти деб аташ у қадар тўғри эмас: курдлар бу ҳудуд аҳолисининг ярмидан бироз кўпроғини ташкил этиб, араблар, оссурияликлар, туркманлар ва бошқа халқлар билан тинч-тотув яшаб келишган. Мухторият асосан курд кўнгиллилари устунлик қилган қуролли гуруҳлар коалицияси – Сурия демократик кучлари (SDF аббревиатураси билан машҳур) томонидан ташкил этилган. Сиёсий ишлар билан эса Демократик иттифоқ шуғулланган – бу амалда ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядларининг сиёсий қаноти ҳамда Курдистон ишчилар партиясининг Суриядаги бўлими ҳисобланган.

Рожавадаги муҳим рамзий фигура Абдулла Ўжалан эди – у Курдистон ишчилар партияси етакчиси бўлиб, айни дамда Туркия қамоқхонасида сақланмоқда. Энг машҳур шиор Ўжалан томонидан илгари сурилган «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиори бўлган. Рожава номининг ўзи эса курдчада «ғарб» дегани.

Туркия шарқидаги Диёрбакирда ўтказилган митингда Абдулла Ўжалан портретини кўтарган намойишчилар
Sertac Kayar / Reuters / Scanpix / LETA

Мухторият 2012 йилда, Сурияда фуқаролик уруши бошланган даврда, Сурия шимоли-шарқидаги ҳудудда, Фрот дарёсининг нариги соҳилида (Фроторти минтақаси) ташкил этилган. 2013 йилда ИШИДнинг асосий зарбаси айнан мазкур ҳудуд бўйлаб берилганди. Минтақадаги энг йирик шаҳар ҳисобланган Раққа ўшанда ИШИД пойтахтига айланади. Аммо гуруҳ барибир ҳудуд устидан тўлиқ назорат ўрната олмайди ва бунга биринчи навбатда SDF кучлари, яъни курдлар ва уларнинг иттифоқчилари қаршилиги туфайли эришилади.

ИШИДга қарши урушда АҚШ, Россия, Эрон ва бошқа кўплаб мамлакатлар ҳам иштирок этган, аммо бу давлатлар асосан ҳаво зарбалари йўллаш билан чекланган, қуруқликда эса SDF жанг қилганди. Уларни асосан АҚШ қуроллантирган ва молиялаштирган. 2015 йил январида SDF кучлари Кобани остонасида ИШИДнинг Сурия шимолига юришини тўхтатади, 2017 йил октябрида эса Раққани қайтариб олади – бу амалда ИШИДнинг тўлиқ мағлубиятини эди.