Марказий банк доимий равишда ўлчовли олтин қуймаларининг нархларини янгилаб боради. 23 январда эълон қилинган маълумотларга кўра, 5 граммли олтин қуймасининг нархи 9 млн 793 минг сўмни ташкил қилди. Қуймалар нархи 1 грамм учун 1 млн 958 минг сўмга баҳоланяпти.

Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан олтин қуймалар қарийб 65,5 фоизга қимматлаган. Ўтган йилнинг 23 январида 5 млн 916 минг сўм бўлган 5 граммли қуйманинг қиймати айни пайтда 9 млн 793 минг сўмга етди. Йил бошидан бери эса нархларнинг ўсиши 13,1 фоизни ташкил этяпти.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

100 граммли олтин қуймалар Ўзбекистонда 2025 йил 17 январдан бошлаб сотувга чиқарилган.

Олтин нега қимматлашяпти?

Одатда олтин нархининг ўсиши иқтисодий ёки сиёсий босимлар билан боғлиқ бўлади. Масалан, 2008 йилги глобал молиявий инқироздан кейин қимматбаҳо металл 1000 долларга, пандемия даврида 2000 долларга, жорий йилнинг мартида Трамп маъмуриятининг радикал бож сиёсати фонида 3000 долларга чиққанди. Жаҳон савдосида ноаниқликлар, АҚШ Федерал резерв тизимининг мустақиллиги атрофидаги хавотирлар ва Қўшма Штатларнинг фискал барқарорлигига доир шубҳалар кучайгани сабаб октябр ойида нархлар 4000 доллардан ошди. Декабр ойига келиб эса қимматбаҳо металл баҳоси 4500 доллардан ҳам кўтарилди. 

Айни пайтда қимматбаҳо металл баҳоси унцияда аллақачон 4 950 доллардан ошиб, янги психологик нуқта — 5 000 долларга яқинлашяпти. Нархларни рағбатлантираётган асосий омиллар сифатида геосиёсий кескинликнинг сақланиб қолаётгани, АҚШ долларининг заифлашуви ва Федерал захира тизими (ФЗТ) фоиз ставкаларини пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар келтириляпти.