Россиянинг норасмий танкерлари атрофидаги баҳсларда Европа Иттифоқи танқидга учраяпти. Зеленский ҳам Давосдаги нутқида европаликлардан норозилигини билдирди. Хўш, АҚШ қатъий чоралар кўраётган бир пайтда, нега ЕИ юмшоқ позиция танлаяпти? Бу саволга Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Умрбек Юсупов жавоб берди.

АҚШ Россиянинг “соя флоти” танкерларини ҳибсга оляпти. Нега Европа Иттифоқи бундай қилмаяпти?

Камолиддин Раббимов: Бу масалада бир нечта муҳим жиҳатлар мавжуд. Улардан энг асосийси – халқаро ҳуқуқ масаласидир.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро сув йўлларида эркин ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида кўплаб қонунлар ва конвенциялар қабул қилинган. Европа Иттифоқи эса бугунги кунгача дунё денгизларида эркин сузишни ҳимоя қилиб келаётган субъектлардан бири ҳисобланади.

Халқаро ҳуқуқ ва амалдаги конвенцияларга кўра, ҳар бир давлатнинг денгиздаги ҳудудий сувлари мавжуд. Бу ҳудуд қирғоқ чизиғидан 22 километргача бўлган масофани ўз ичига олади ва давлатнинг тўлиқ ички ҳудуди ҳисобланади. Масалан, Жанубий Корея, Шимолий Корея ёки Туркия қирғоқларидан 22 километргача бўлган денгиз майдони тўғридан тўғри ушбу давлатларнинг суверен ҳудудидир. 22 километрдан 44 километргача бўлган ҳудуд эса чегарадош зона саналади. Бу ҳудуд давлатнинг тўлиқ ички ҳудуди бўлмаса-да, у ерда божхона, фискал, қонунчилик ва иммиграция масалалари бўйича давлат органлари назорат ўрнатиш ва текширув ўтказиш ҳуқуқига эга. Кейинги босқич – эксклюзив иқтисодий зона бўлиб, у қирғоқдан 370 километргача бўлган денгиз ҳудудини қамраб олади. Бу зона доирасида давлат табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича тўлақонли ҳуқуққа эга. 370 километрдан кейинги ҳудудлар халқаро эркин сувлар ҳисобланади.

Халқаро сувларда исталган давлат кемалари ҳеч қандай рухсатсиз, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга. Ҳеч бир давлат бу ҳудудда кемаларни тўхтатиб, ҳужжат текширишга ҳақли эмас.

Бугунги кунда дунё бўйлаб 5 мингдан ортиқ танкер мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти нефт ва газ ташийди. Шулардан мингга яқини Россияга тегишли бўлиб, бу танкерлар Россия нефтининг тахминан 80 фоизини ташимоқда. Халқаро санкциялар остидаги давлатлар: Эрон, Венесуэла ва Россия айнан халқаро эркин сузиш ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз нефт ва газини яширин йўллар билан сотиб келмоқда. Россия нефти асосан Хитой ва Ҳиндистонга етказилади.

2025 йил декабр ва январ ойидан бошлаб Доналд Трамп маъмурияти “соядаги флот” деб аталадиган танкерлар фаолиятига қарши чораларни кучайтирди. Ҳозирча бу чоралар тўғридан тўғри Россия ёки Эронга эмас, балки Венесуэлага бориб-келаётган танкерларни тўхтатиш ва текшириш орқали амалга оширилмоқда. Бунинг асосий сабаби ҳам Венесуэла омили билан боғлиқ.